Logo

Месси ва Кейн дуэли: Англия ва Аргентина ярим финалда тўқнаш келмоқда

Bugun 17:554 daqiqa

Диего Марадонанинг 1986 йилда урган баҳсли голидан 1998 йили Девид Бекхемнинг Диего Симеонени тепгани учун олган қизил карточкасигача — бу икки жамоанинг Жаҳон чемпионатларидаги тўқнашувлари ҳеч қачон драматик воқеаларсиз ўтмаган.

Месси ва Кейн дуэли: Англия ва Аргентина ярим финалда тўқнаш келмоқда © Foto: goal.com

2026 йилги Жаҳон чемпионатининг иккинчи ярим финалида амалдаги чемпион Аргентина Англияга қарши майдонга тушади. Бу билан футбол тарихидаги энг муросасиз ва кескин қарама-қаршиликлардан бири яна майдонда жонланади.

Ушбу икки жамоа 24 йиллик танаффусдан сўнг спорт оламининг энг йирик мусобақасида яна рўбарў келар экан, уларнинг ўзаро тарихида янги саҳифа очилади.

Мазкур баҳс аргентиналик афсона Лионел Месси учун Харри Кейн ва Жуд Беллингем каби ўз етакчиларига эга Англия терма жамоасига қарши дастлабки ўйин бўлади.

Ярим финал ғолиби якшанба куни бўлиб ўтадиган финалга йўл олади ҳамда жаҳон чемпиони унвони учун Испанияга қарши кураш олиб боради.

1

Англия ва Аргентина ўртасидаги ярим финал баҳси қаерда ўтади?

Англия ва Аргентина ўртасидаги учрашув АҚШнинг Жоржия штати, Атланта шаҳридаги кўпчиликка «Mercedes-Benz Stadium» номи билан таниш бўлган ўйингоҳда бўлиб ўтади. 68 239 томошабинни сиғдира оладиган мазкур стадион мусобақа давомида еттита баҳсга мезбонлик қилди ва бу ўйин уларнинг сўнггиси бўлади.

Очилиб-ёпиладиган томи ва 360 даражали ҳалқасимон экрани билан ажралиб турадиган мазкур стадион мундиалга мезбонлик қилаётган 16 та шаҳардаги ўйингоҳлар ичида энг футуристик архитектурага эга.

2

Ўзаро учрашувлар тарихи

Ушбу терма жамоалар расмий ва ўртоқлик учрашувларида жами 14 марта тўқнаш келган. Ўзаро ўйинлар статистикасига кўра, Англия олтита ғалаба билан олдинда бормоқда, Аргентина ҳисобида эса учта ғалаба бор. Яна бешта учрашувда дуранг қайд этилган.

Аргентина ва Англия ўртасидаги сўнгги 5 та ўйин:

  • Англия 3:2 Аргентина (Ўртоқлик учрашуви, 2005 йил)

  • Англия 1:0 Аргентина (ЖЧ-2002, гуруҳ босқичи)

  • Англия 0:0 Аргентина (Ўртоқлик учрашуви, 2000 йил)

  • Аргентина 2:2 Англия (Пеналтилар сериясида 4:3, ЖЧ-1998, 1/8 финал)

  • Англия 2:2 Аргентина (Челленж Кубоги, 1991 йил)

Аргентина ва Англия илгари Жаҳон чемпионатларида тўқнаш келганми?

Ҳа. Англия ва Аргентина ФИФА Жаҳон чемпионатлари доирасида жами беш марта ўзаро куч синашган. Бу баҳсларнинг учтасида инглизлар, иккитасида эса аргентиналиклар зафар қучган.

Уларнинг мундиаллардаги сўнгги тўқнашуви 2002 йилда юз берган. Ўшанда гуруҳ босқичидаги ўйинда Девид Бекхемнинг биринчи бўлимда пеналтидан киритган ягона голи Англияга 1:0 ҳисобидаги ғалабани келтирган эди.

Барча ўйинлар рўйхати:

·         Англия 1:0 Аргентина (2002 йил)

·         Аргентина 2:2 Англия (Пеналтилар сериясида 4:3, 1998 йил)

·         Аргентина 2:1 Англия (1986 йил)

·         Англия 1:0 Аргентина (1966 йил)

·         Англия 3:1 Аргентина (1962 йил)

3

Совринлар ва медаллар

Аргентина — уч карра жаҳон чемпиони (1978, 1986, 2022) ва Жанубий Америка қитъасининг рекорд даражадаги 16 карра ғолиби ҳисобланади.

Англия эса ўз тарихида фақат битта йирик совринни қўлга киритган: бу 1966 йилги Жаҳон чемпионатидаги ғолибликдир. Улар Европа чемпионатида ҳеч қачон зафар қучмаган бўлса-да, икки марта финалга қадар етиб борган.

Аргентинанинг асосий футболчилари кимлар?

Саккизта гол билан «Олтин бутса»га асосий даъвогар бўлиб турган Месси, шубҳасиз, Аргентинанинг жорий турнирдаги энг яхши ўйинчисидир. 39 ёшли ҳужумчи 1/8 финалга қадар бўлган ҳар бир баҳсда рақиблар дарвозасини ишғол қилди ва Жаҳон чемпионатларидаги голлари сонини 21 тага етказиб, ўз рекордини янгилади.

Бундан ташқари, Лаутаро Мартинес ўз ҳисобига иккита гол ёздириб қўйган бўлса, Лисандро Мартинес ва Энцо Фернандес ҳам жамоа ўйинида муҳим рол ўйнамоқда.

Англиянинг асосий футболчилари кимлар?

Ҳужумчи Кейн ва ҳужумкор ярим ҳимоячи Беллингем Англиянинг шу кунгача эришган муваффақиятларига бирдек ҳисса қўшиб, олтитадан гол уришга муваффақ бўлди. Кейн ўз голларининг аксариятини гуруҳ босқичида киритган бўлса, Беллингем плей-офф ўйинларида етакчиликни ўз қўлига олди.

Ҳар бири учтадан голли узатмани амалга оширган Энтони Гордон ва Букайо Сака ҳам инглизлар ҳужум чизиғининг энг хавфли вакилларидан саналади. Шунингдек, Эллиот Андерсон ва Марк Геҳи ҳам жамоага катта ёрдам бермоқда.

4

Аргентина: кучли ва заиф жиҳатлар

«Al Jazeera» нашрининг ёзишича, Аргентина терма жамоасининг асосий устунлиги бўйи 1,70 метр бўлган афсонаси — Лионел Месси билан боғлиқ. У кутилмаган вазиятда ўйин тақдирини бир лаҳзада ҳал қилиб кетишга қодир. Ҳатто 39 ёшда бўлиши ва фаолиятидаги олтинчи Жаҳон чемпионатида қатнашаётганига қарамай, ушбу тажрибали ҳужумчи ҳануз жамоанинг энг хавфли қуроли бўлиб қолмоқда.

Амалдаги чемпионлар гуруҳ босқичини юз фоизлик натижа билан якунлаган бўлса-да, плей-оффдаги ишончсиз ўйинлари уларнинг чемпионликни ҳимоя қила олишини сўроқ остида қолдирмоқда.

Жамоа 1/16 финалда мусобақа аутсайдери Кабо-Вердега қарши баҳсда қўшимча бўлимларда ўйнашга мажбур бўлди. Кейинги босқичда эса Мисрга қарши ўйинда иккита тўп фарқи билан ортда бораётиб, иродали ғалабани қўлга киритди. Чорак финалда Швейцарияга қарши кечган баҳсда ҳам жамоа яна 120 дақиқа майдонда тер тўкишига тўғри келди.

Учта ўйинда ҳам яққол фаворит ҳисобланган Аргентина учрашувларнинг катта қисмида суст ўйин кўрсатди ва фақат сўнгги дақиқалардаги ҳужумкорлик эвазигагина жон сақлаб қолди.

Бу эса ҳақли саволни ўртага ташлайди: улар шу тариқа яна қанча вақт вазиятдан чиқиб кета олишаркин?

Англия: кучли ва заиф жиҳатлар

Аргентина каби инглизларнинг ҳам асосий устунлиги ҳужум чизиғида — аниқроғи, Кейн – Беллингем тандемида яққол кўзга ташланади.

32 ёшли тажрибали Харри Кейн ва унинг 23 ёшли шериги Жуд Беллингем навбатма-навбат ўйин тақдирини ҳал қилиб, жамоанинг турнирдаги 13 та голидан 12 тасини ўз номларига расмийлаштиришди.

Шу билан бирга, баъзи вазиятларда инглизлар тартибсиз ўйин намойиш этиб, мудофаада қўпол хатоларга йўл қўйди.

Англиянинг чорак финалда Норвегия устидан қозонган ғалабаси 1/8 финалдаги Мексикага қарши кечган шиддатли баҳс каби ёрқин чиқмади. Бу эса бош мураббий Томас Тухелнинг жиддий эътирозларига сабаб бўлди. Мутахассис шогирдларининг ҳаракатларини «суст», «етарлича тез бўлмаган» ва «техник хатоларга бой» дея танқид қилди.

Россия - Украина уруши

Футбол бўйича Жаҳон чемпионати 2026

ЖЧ-2026 ўйинларига оид барча хабарлар битта ҳаволада.

Teglar

Mavzuga oid