add

«Microsoft» бир кунда 360 млрд йўқотди: компания акциялари 10 фоизга тушди

30.01.2026 | 17:502 daqiqa

Компаниянинг бозор капитализацияси молиявий ҳисобот эълон қилинганидан сўнг рекорд даражадага камайди.

«Microsoft» бир кунда 360 млрд йўқотди: компания акциялари 10 фоизга тушди

«Microsoft»нинг бозор капитализацияси молиявий ҳисобот эълон қилинганидан сўнг рекорд даражада – 360 млрд долларга камайди. Ҳисоботда дата-марказлар қурилишига жуда катта харажатлар қилингани очиқланди. Компания акциялари кеча, 29 январ куни 10 фоизга тушди – бу 2020 йилдаги пандемия давридан бери энг ёмон кўрсаткич ҳисобланади. Бу ҳақда «Financial Times» хабар берди.

СИ-инфратузилма: жуда қимматми?

Инвесторлар саросимасининг асосий сабаби капитал харажатларнинг кескин ўсиши бўлди. Компания 2025 йилнинг сўнгги уч ойидагина дата-марказларга 37,5 млрд доллар сарфлаган (йиллик ҳисобда 66% ўсиш).

Даромадлар кутилмалардан юқори чиққан бўлса-да, булутли бўлим ўсиши таҳлилчилар прогнозидан секинроқ бўлди. Уолл-стритни сунъий интеллект учун ҳисоблаш қувватларига киритилаётган улкан инвестициялар яқин истиқболда ўзини оқлай оладими-йўқми, деган савол тобора кўпроқ хавотирга солмоқда.

«OpenAI»га боғлиқлик ва «айланма молиялаштириш»

Инвесторлар «Microsoft»нинг «ChatGPT» яратувчиси – «OpenAI»га хавфли даражада боғланиб қолганига ҳам эътибор қаратмоқда. «Microsoft»нинг келажакдаги барча булутли шартномаларининг 45 фоизи (умумий қиймати 625 млрд доллар) айнан «OpenAI» ҳиссасига тўғри келади.

Шунингдек, «OpenAI» «Nvidia», «Microsoft» ва «Amazon» иштирокида 40 млрд долларлик янги молиялаштириш раундини тайёрлаётгани ҳақида маълумотлар пайдо бўлди. Бу эса «айланма молиялаштириш» қўрқувларини кучайтирмоқда, яъни техногигантлар стартапга пул беради, у эса бу маблағларни яна уларнинг булутли хизматлари ва чипларини сотиб олишга сарфлайди.

СИнинг янги босқичи

Таҳлилчилар таъкидлашича, СИ барча технокомпаниялар акцияларини бир вақтнинг ўзида кўтариб юборадиган давр якунланган. «Microsoft» акциялари қулаётган бир пайтда, «Meta» кучли ҳисобот туфайли 10,4 фоизга ўсди.

«Биз бизнес-моделларни баҳолаш босқичига ўтдик. Энди бозор ким СИ орқали ҳақиқий даромад қилаётганини, ким эса фақат миллиардларни сарфлаётганини қаттиқ саралаб чиқмоқда», — дейди «Barclays» стратеги Вену Кришна.

АҚШ иқтисодий контексти

«Microsoft»нинг пасайиши АҚШ иқтисодиёти ўсиши бўйича кутилмалар совиб бораётган бир пайтда рўй берди. 2025 йил тўртинчи чораги учун ЯИМ ўсиши прогнози ноябр ойида савдо дефицитининг кескин ўсиши сабабли 5,4 фоиздан 4,2 фоизга туширилди. Президент Доналд Трамп АҚШ иқтисодиётини ҳали ҳам дунёдаги энг «қайноқ» иқтисодиёт деб атаётган бўлса-да, бозор тобора эҳтиёткорлик кўрсата бошлади.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ «General Motors» компаниясининг «ажойиб» деб баҳоланган чораклик ҳисоботи эълон қилинганидан сўнг камида 13 нафар таҳлилчи автоконцерн акциялари бўйича мақсадли нархни оширганди.

Teglar

Mavzuga oid