add

Мирзиёев 5–6 феврал кунлари Покистонга боради

Ташриф доирасида савдо ҳажмини ошириш, транзит йўлакларини ривожлантириш ва йирик инвестиция лойиҳаларини ишга тушириш масалалари муҳокама қилиниши кутилмоқда.

Мирзиёев 5–6 феврал кунлари Покистонга боради

2026 йилнинг 5–6 феврал кунлари Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев расмий ташриф билан Покистонда бўлиши кутилмоқда. Бу ҳақда Покистоннинг Business Recoreder нашри хабар берди.

Ушбу ташриф икки давлат муносабатларини кенг қамровли стратегик шериклик даражасига олиб чиқишга қаратилган бўлиб, иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш устувор мақсад сифатида белгиланган.

Покистон томони ташрифга юқори даражада тайёргарлик кўрмоқда. Мамлакат бош вазири Шаҳбоз Шариф тайёргарлик ишларини шахсан назорат қилиб, барча идораларга ташриф доирасидаги тадбирларни ўз вақтида якунлаш бўйича топшириқ берган. Шунингдек, 3–4 февраль кунлари Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг ҳам Исломободга ташрифи режалаштирилган.

Ташрифнинг асосий мақсадлари

Ташрифнинг асосий иқтисодий мақсадларидан бири икки томонлама савдо айланмасини яқин истиқболда 1 миллиард, ўрта муддатда эса 2 миллиард долларга етказишдир. Расмий маълумотларга кўра, 2024 йил якунида ўзаро савдо ҳажми 404–407 миллион долларни ташкил этган, 2025 йил январь–ноябрь ойларида эса 434,4 миллион долларга етган.

Логистика ва молиявий инфратузилма

Икки мамлакат ўртасида товар номенклатурасини 17 турдан 100 тагача кенгайтириш, чегарадаги кечикишларни қисқартириш учун электрон маълумот алмашинуви тизимини жорий этиш режалаштирилган. 2026 йилда Покистон Миллий банкининг Ўзбекистонда филиал очиши кутилмоқда, бу кичик ва ўрта бизнесни молиялаштиришни осонлаштиради.

Трансафғон темир йўли — асосий лойиҳа

Кун тартибидаги стратегик лойиҳалардан энг муҳими — Трансафғон темир йўлидир. Ушбу йўлак Марказий ва Жанубий Осиёни боғлаб, юк етказиб бериш муддатини 3–5 кунгача қисқартириш ва харажатларни 40 фоизга камайтириш имконини беради. 2025 йилда лойиҳа бўйича техник асослар тайёрланиб, молиялаштириш масалалари муҳокама қилинган.

Инвестиция ва саноат ҳамкорлиги

Шунингдек, ташриф доирасида Исломободда Ўзбекистон–Покистон бизнес форуми ва «Маdе in Uzbekistan» кўргазмаси ўтказилиб, тўқимачилик, фармацевтика, тоғ-конь ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида янги қўшма лойиҳалар муҳокама қилинади. Ташриф якунларида икки давлат ўртасида ҳамкорликни мувофиқлаштирувчи Стратегик шериклик олий кенгашини ташкил этиш режалаштирилган.

Маълумот учун: 2025 йил феврал ойида Покистон бош вазири Муҳаммад Шаҳбоз Шариф Ўзбекистонга расмий ташрифи билан келган эди.

Teglar

Mavzuga oid