Мирзиёев Эрдўғанни туғилган куни билан табриклади

26.02.2026 | 19:561 daqiqa

Ўзбекистон Президенти Туркия Президенти билан телефон орқали гаплашиб олди.

Мирзиёев Эрдўғанни туғилган куни билан табриклади © Фото: president.uz

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 26 феврал куни бўлиб ўтган телефон орқали мулоқотда Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғанни таваллуд куни билан самимий табриклади.

Ўзбекистон раҳбари Туркия етакчисига мустаҳкам соғлик ва фаровонлик, давлатчилик фаолиятида катта муваффақиятлар, қардош турк халқига тинчлик-осойишталик ва равнақ тилади.

Президентлар, шунингдек, бутун мусулмон уммати учун муқаддас бўлган Рамазон ойи билан бир-бирларини дилдан қутладилар.

Минтақавий масалалар муҳокамаси

Ўзбекистон-Туркия кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини жорий йил январь ойида Анқара шаҳрида эришилган олий даражадаги келишувларни амалга ошириш доирасида янада мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди.

Давлатлараро ҳамкорликда юксак даражага эришилгани мамнуният билан қайд этилди. Яқинда бўлиб ўтган Стратегик ҳамкорлик кенгаши йиғилишининг натижалари икки томонлама муносабатларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаргани таъкидланди.

Ишлаб чиқилган «йўл хариталари» асосида кооперация лойиҳаларини илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.

Етакчилар халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашдилар, бўлажак тадбирлар режасини муҳокама қилди.

Маълумот учун, Ражаб Тоййиб Эрдўған 1954 йил 26 февралда Истанбул шаҳрида туғилган. У 2003–2014 йилларда Туркия Бош вазири, 2014 йилдан буён эса Президент сифатида фаолият юритиб келмоқда.

Teglar

Mavzuga oid