Мирзиёев Тўқаевга тарихий ҳужжатларни ҳадя қилди

Бухорода бўлиб ўтган учрашувда Ўзбекистон президенти Қозоғистон раҳбарига тарихий аҳамиятга эга ноёб архив материаллари нусхаларини тақдим этди.

Мирзиёев Тўқаевга тарихий ҳужжатларни ҳадя қилди

Шавкат Мирзиёев ва Қосим-Жўмарт Тўқаев Бухоро вилояти ҳокимлигидаги замонавий ситуатсион марказ фаолияти билан танишди. Ташриф доирасида икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган амалий ишлар муҳокама қилинди.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, мазкур марказ Бухоронинг янги маъмурий ҳудудида ташкил этилган бўлиб, у вилоят бошқарувининг интеллектуал ўзагига айланган. Дастлабки босқичда бу ерда ҳокимликлар, прокуратура, ички ишлар ва бошқа идоралар фаолияти мувофиқлаштирилмоқда.

Марказ орқали ижтимоий-иқтисодий ривожланиш, инвестиция лойиҳалари, коммунал хизматлар, транспорт инфратузилмаси ва жамоат хавфсизлиги бўйича маълумотлар реал вақт режимида йиғилиб, таҳлил қилинади. Бу эса қарор қабул қилиш жараёнини тезлаштириш ва муаммоларни барвақт ҳал этиш имконини беради.

Меҳмонларга ҳудудлар кесимида мониторинг олиб бориш, муаммоли нуқталарни аниқлаш ва ижро интизомини назорат қилиш имкониятлари амалий мисоллар орқали намойиш этилди. Шунингдек, етакчилар ходимлар учун яратилган замонавий иш шароитлари билан ҳам танишди.

Тарихий совға

Ташрифнинг энг эътиборли жиҳатларидан бири сифатида Қозоғистон Президентига ноёб архив материаллари нусхалари тақдим этилди. Ушбу ҳужжатлар Хожа Аҳмад Яссавий ва Робия Султонбегим мақбараларига оид бўлиб, 1920–1950 йилларга тегишли қимматли маълумотларни ўз ичига олади.

Бу материаллар ҳали тўлиқ илмий муомалага киритилмаган бўлиб, Марказий Осиё тарихи ва маданий меросини ўрганишда муҳим манба ҳисобланади. Архив ҳужжатлари қардош халқларга ҳурмат рамзи сифатида Қозоғистон томонига ҳадя қилинди.

Ҳамкорлик истиқболи

Учрашув давомида рақамли бошқарув, ҳудудий ривожланиш ва институционал ҳамкорликни кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Томонлар келгусида ҳам шундай амалий ташрифлар ва қўшма лойиҳаларни давом эттиришга келишиб олди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бухорода ўтган олий даражадаги учрашувда Ўзбекистон ва Қозоғистон етакчилари савдо ҳажмини ошириш, йирик энергетик лойиҳаларни жадаллаштириш ва транспорт боғлиқлигини кучайтириш масалаларини муҳокама қилганлиги ҳақида хабар берган эдик.

Teglar

Mavzuga oid