Молиявий хизматларда янги хавфсизлик тартиби: Телефон рақами бошқа шахс номида бўлса нима бўлади?

Bugun 20:132 daqiqa

22-апрелдан бошлаб масофавий молиявий хизматларда янги рўйхатдан ўтаётган мижозлар учун телефон рақами, ЖШШИР ва банк карта эгаси ўзаро мослиги текширилади.

Молиявий хизматларда янги хавфсизлик тартиби: Телефон рақами бошқа шахс номида бўлса нима бўлади?

Жорий ийлнинг 22-апрелидан бошлаб мобил иловалардан фойдаланувчининг телефон рақами жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақамига (ЖШШИР) мос бўлиши шарт бўлади. Марказий банк маълум қилишича, мазкур тартибга кўра, янги рўйхатдан ўтаётган мижозлар учун телефон рақами, ЖШШИР ва банк карта эгаси ўзаро мослиги текширилади. Агар барча маълумотлар бир-бирига тўғри келса, фойдаланувчи иловадан ҳеч қандай чекловларсиз одатдагидек фойдаланишда давом этади.

Агар телефон рақам яқин қариндошлар — ота-она, опа-сингил, турмуш ўртоғи ёки фарзанд номида бўлса, бу ҳолат муаммо туғдирмайди. Яъни, яқинлар ўртасидаги бундай фойдаланиш амалда сақланиб қолади ва чекловлар қўлланилмайди.

Муаммо фақат телефон рақам ёки банк карта сизга алоқаси бўлмаган бегона шахс номида бўлганда юзага келади. Шунингдек, ушбу тартиб асосан 22-апрелдан кейин янги рўйхатдан ўтадиганлар учун амал қилади, аввалдан иловадан фойдаланаётганлар учун эса ҳеч қандай ўзгариш бўлмайди.

Хавфсизликнинг янги босқичи ва техник чекловлар

Янги талабларга кўра, банк иловаларида биометрик идентификация, яъни селфи орқали шахсни тасдиқлаш жараёни мажбурий этиб белгиланди. Эндиликда янги қурилмадан кириш ёки кириш кодини ўзгартириш каби муҳим амаллар учун фақат СМС-код кифоя қилмайди. Шу билан бирга, агар телефонда овозли ёки видео қўнғироқ амалга оширилаётган бўлса ёхуд масофавий бошқариш дастурлари аниқланса, хавфсизлик тизими банк амалиётларини автоматик тарзда тўхтатиб қўяди.

P2P ўтказмалари, яъни картадан картага пул ўтказиш хизмати эндиликда фақат мобил иловалар орқали тақдим этилади ва бундай ишларни веб-сайтлар орқали бажариш тақиқланади. Бир марталик тасдиқлаш кодлари камида олтита белгидан иборат бўлиши ҳамда уларнинг амал қилиш муддати 59 сониядан ошмаслиги шарт. Янги смартфондан иловага кирилганда эса, тизим хавфсизлик мақсадида барча маҳаллий маълумотларни ва амалиётлар тарихини тозалаб ташлайди.

Масофавий кредит олиш тартиби ҳам кучайтирилиб, бир шахсга бир сутка давомида бир нечта ташкилотдан қарз ажратилишига чеклов қўйилади. Агар мижоз фирибгарлар тузоғига тушса ва бу ҳолат ҳуқуқ тартибот органлари томонидан тасдиқланса, банк мазкур кредит бўйича фоиз ҳамда жарималар ҳисоблашни зудлик билан тўхтатади. Иловаларда «фирибгарлик ҳақида хабар бериш» тугмаси жорий этилиб, бу орқали банкка тезкор мурожаат қилиш имконияти яратилади.

Шунингдек, пул ўтказмалари пайтида карта эгасининг фамилияси тўлиқ кўрсатилмайди — фақат биринчи ҳарфи қолдирилади. Исм эса тўлиқ кўриниши мумкин. Бу шахсий маълумотларни фирибгарлардан ҳимоя қилиш учун хизмат қилади.

Кибержиноятлар

Маълумот учун, Ўзбекистонда кибержиноятлар сони охирги беш йил ичида 68 бараварга ошган. Ўтган йилнинг 10 ойи давомида 46 мингдан ортиқ фирибгарлик ҳолатлари аниқланган бўлиб, жисмоний ва юридик шахсларга етказилган моддий зарар 1,2 трлн сўмдан ошиб кетган.

Teglar

Mavzuga oid