Logo

Мукофот жамғармаси 5 миллион доллар бўлган Президент стартап танловига старт берилди

Bugun 21:302 daqiqa

Шунингдек, Нурафшон шаҳрида 500 миллион долларлик Келажак технологиялари маркази қурилиши бошланди.

Мукофот жамғармаси 5 миллион доллар бўлган Президент стартап танловига старт берилди © Foto: president.uz

Ўзбекистонда инновацион ғояларни рағбатлантириш мақсадида мукофот жамғармаси 5 миллион доллар бўлган Президент стартап танловига старт берилди. Шунингдек, жорий йилнинг ўзида мамлакатда венчур инвестициялар ҳажми 5 баробар кўпайиб, миллий стартап экотизими қарийб 4,5 миллиард долларга етди. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев Нурафшон шаҳрида Келажак технологиялари марказига тамал тоши қўйиш ва янги лойиҳаларни бошлаш маросимида маълум қилди.

Тадбирда умумий майдони 36 гектар бўлган Келажак технологиялари маркази қурилиши бошланиши ҳам қайд этилди. Ушбу мажмуа қурилишига қарийб 500 миллион доллар инвестиция жалб қилинади ҳамда бу ерда 5 мингдан ортиқ юқори малакали иш ўрни ташкил этилади. Марказ 5 мегаваттли энергетика қувватлари билан таъминланади.

Марказ таълим, илмий тадқиқот, технологик синов ва ишлаб чиқаришни бирлаштирадиган ягона инновацион экотизим бўлиши кўзда тутилган. Кластерда киберхавфсизлик, сунъий интеллект, булутли технологиялар ва криптография йўналишларида 6 та замонавий лаборатория, сунъий интеллект дата-маркази ва муҳандислик кластери ташкил этилади. Бундан ташқари, ҳимояланган компютерлар, маълумот узатиш қурилмалари ва юқори технологик токенлар ишлаб чиқариш маркази ҳамда дрон ва робототехника учун махсус синов полигони фаолияти йўлга қўйилади.

Яхлит инновацион кластер

Ушбу мажмуа учун Нурафшон шаҳри танланганига бу ерда киберхавфсизлик ва ахборот ҳимояси бўйича қарийб 1 минг нафар мутахассис тайёрлаётган “Cyber University” фаолият юритаётгани сабаб қилиб кўрсатилди. Энди университет атрофида бутун мамлакат учун намуна бўладиган яхлит инновацион кластер шакллантирилади. Осиё тараққиёт банки кўмагида эса маҳаллий технологияларни тижоратлаштириш ва миллий маҳсулотларни халқаро бозорларга олиб чиқиш платформаси яратилади.

Шунингдек, йиғилишда рақамлаштиришни ортга сурган ва сунъий интеллектни ўзлаштирмаган давлатлар глобал ривожланишдан орқада қолиши таъкидланди. Ҳаётнинг барча жабҳаларини рақамлаштириш билан жиддий шуғулланмасдан туриб, ривожланиш мумкин эмаслиги алоҳида қайд этилди.

Teglar

Mavzuga oid