
Мурод Назаров ва «AVO bank» микромолия бозорига кирди
Марказий банк Мурод Назаров ва «AVO bank»га боғлиқ компанияларни ўз ичига олган учта янги микромолия ташкилотини расман реестрга киритди.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банк бошқаруви қарори билан яна учта микромолия ташкилоти (ММТ) давлат реестрига киритилди. Регулятор матбуот хизматига кўра, гап «ADL Moliya», «Prizma Kapital» ва «Avo Finance» компаниялари ҳақида бормоқда.
Марказий банк бошқарувининг 156-, 157- ва 158-сонли қарорларига мувофиқ, ушбу компаниялар микрофинанс фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини олди. Ягона давлат реестри маълумотларига кўра, барча учта ММТ жорий йил октябр ойида рўйхатдан ўтказилган.
«ADL Moliya» микромолияташкилоти 2,5 млрд сўм устав капитали билан ташкил этилган бўлиб, асосий фаолият йўналиши молиявий лизинг ҳисобланади. Компаниянинг ягона таъсисчиси — тадбиркор Мурод Назаров. У «Murad Buildings» ва NRG девелоперлик гуруҳларида, шунингдек, қурилиш ва архитектура соҳаларидаги бир қатор боғлиқ корхоналарда улушга эга.
«Prizma Kapital» эса Қўқон шаҳрида ташкил этилган бўлиб, «бошқа турдаги кредитлаш» фаолияти билан шуғулланади. Компания устав капитали 52 млрд сўмни ташкил қилади. Устав фонди 50 фоиздан улушлар асосида икки таъсисчи ўртасида тақсимланган: Nurafshon Metan Savdo таъсисчиси Маҳмуд Аҳмедов ҳамда Нозимжон Жаббаров.
Учинчи микромолия ташкилоти — «Avo Finance» 2023 йилда хусусийлаштирилган «AVO bank» сингари AVO.uz банк ҳолдинги таркибига кирувчи шуъба корхона ҳисобланади. Ҳолдинг тенг улушларда Руслан Адилбаев ва «Fonte Hedge Fund OEIC»га тегишли.
Марказий банк ноябр ойи бошида ҳам яна учта микромолия ташкилоти — «Fincom Invest», «Qanot Finans» ва «Vafo Moliya»ни реестрга киритган эди. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда фаолият юритаётган микромолия ташкилотлари сони 132 тани ташкил этмоқда.





