«Муваффақиятсизликка 9 йил»: Туркияда амалга ошмай қолган тўнтариш тафсилотлари
2016 йил 15 июл куни Туркияда президент Эрдўған бошчилигидаги ҳуқуқий демократияни ағдариб, ҳарбийлар хунтасини иқтидорга келтиришга уриниш бўлиб ўтган. Туркия ҳукумати тарқатган хабарларга кўра, бунда мухолифатчи Фaтҳуллоҳ Гуленнинг қўли бўлган.

15 июл воқеаси қандай бошланди?
Бундан тўққиз йил аввал, худди шу кунда Туркия халқи қонли давлат тўнтаришига уринишларга гувоҳ бўлди. Барчаси Туркия армияси ва ҳуқуқ-тартибот органлари хизматида бўлган ҳарбийларнинг мамлакатнинг стратегик обектларига ҳужум қилишидан бошланди. Уларнинг асосий мақсади амалдаги давлат раҳбари Ражаб Тоййиб Эрдўғанни ҳукуматдан четлаштириб, тўнтаришни амалга ошириш эди.
Исёнчилар Анқарада F-16 қирувчи самолётлари ёрдамида президент саройи ва ўша пайтда депутатлар йиғилиши бўлиб ўтаётган парламент биносига авиазарбалар берди.
Ҳарбий тўнтариш уринишидан сўнг мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилинди ва комендантлик соати жорий этилди. Президент Ражаб Тоййиб Эрдўған FaceTime иловаси орқали CNN Türk телеканали орқали халқга мурожаат қилиб, уларни фитначиларга қарши кўчаларга чиқишга чақирди.
Эрдўғаннинг айтишича, бу фитнанинг ортида АҚШда истиқомат қилаётган Фатҳуллоҳ Гулен бошчилигидаги FETÖ террорчилик ташкилоти турган.
Расмий статистикаларга кўра, ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллашга уринишда 9 мингга яқин ҳарбий иштирок этган. Исёнчи ҳарбийлар 35 та самолёт, жумладан, 24 та қирувчи самолёт ва 37 та вертолётдан фойдаланган.
Туркиянинг мустақиллиги ва келажаги учун курашда 252 киши шаҳид бўлди. Мамлакат озодлиги учун курашган тинч аҳоли, полиция ва ҳарбийлардан 150 нафари Анқарада, 99 нафари Истанбулда ва икки нафари Муғлада ҳалок бўлган.
Тўнтариш тўнтаришига уринишдан буён ҳозиргача жами 113 минг 837 нафар гумонланувчи қамоққа олинган. Қамоққа олинганларнинг лавозимлари:
- 15 032 — полиция ходими;
- 13 599 — турли лавозимдаги ҳарбийлар;
- 8 081 — зобит;
- 2 305 — судя;
- 938 — прокурор;
- 191 — генерал;
- 174 — туман ҳокими;
- 93 — волий ёрдамчиси
- 24 — волий
- 19— ички ишлар назоратчиси





