Нефт нархи 100 доллардан ошди: G7 давлатлари фавқулодда йиғилиш ўтказди

10.03.2026 | 08:252 daqiqa

Жаҳон бозорида нефт нархи кескин кўтарилиб, баррели учун 100 долларлик психологик тўсиқдан ўтди. Бунга АҚШ ва Исроилнинг Эрон билан уруши Ҳўрмуз бўғози орқали етказиб беришни узоқ вақтга издан чиқариши ҳақидаги хавотирлар сабаб бўлди.

Нефт нархи 100 доллардан ошди: G7 давлатлари фавқулодда йиғилиш ўтказди

Душанба куни Осиёдаги савдоларда «Brent» маркали нефт нархи қарийб 15,5 фоизга қимматлашиб, бир баррель учун 107,16 долларни ташкил этди. АҚШнинг «WTI» нефти эса 17 фоиздан зиёд ўсиш билан 106,77 долларга чиқди. Савдоларнинг дастлабки дақиқаларидаёқ нархларнинг 10-20 фоизлик сакраши бозордаги кучли ваҳимадан далолат беради.

Вазиятнинг кескинлашувига ўтган дам олиш кунлари Эронга берилган янги авиазарбалар ва Теҳрондаги сиёсий ўзгаришлар туртки бўлди. Али Хоманаийнинг ўрнига унинг ўғли — Мўжтабо Хоманаийнинг олий раҳбар этиб тайинланиши мамлакатда қатъий сиёсий йўналиш сақланиб қолишини англатмоқда.

G7 стратегик захираларни очишга тайёр

«Катта еттилик» (G7) давлатлари молия вазирлари фавқулодда учрашув ўтказиб, бозорни барқарорлаштириш учун стратегик нефт захираларидан фойдаланиш имкониятини муҳокама қилдилар. Франция Молия вазири Ролан Лескюрнинг таъкидлашича, иттифоқчилар вазиятни диққат билан кузатмоқда ва зарур бўлса, Халқаро энергетика агентлиги (ХЭА) ихтиёридаги 1,2 млрд барреллик фавқулодда захираларни ишга солади.

ХЭА раҳбари Фотиҳ Биролнинг сўзларига кўра, агентлик тарихида бундай чора шу пайтгача фақат беш марта қўлланилган. АҚШ ушбу захираларнинг 25-30 фоизини (300-400 млн баррел) бозорга чиқаришни таклиф қилмоқда. Бу бўйича якуний қарор 10 март куни бўлиб ўтадиган энергетика вазирлари йиғилишида қабул қилиниши кутилмоқда.

АҚШдаги бензин инқирози

АҚШ президенти Доналд Трамп нефт нархининг кўтарилишини «қисқа муддатли» деб атади ва Теҳроннинг ядровий таҳдиди бартараф этилгач, нархлар тушишига ишонч билдирди. Бироқ АҚШда бензиннинг ўртача нархи бир ҳафта ичида галлонига 2,98 доллардан 3,45 долларгача кўтарилди.

Ҳозир Ҳўрмуз бўғози орқали танкерлар ҳаракати деярли тўлиқ тўхтаган. Жаҳон нефт таъминотининг 20 фоизи айнан шу йўналишга тўғри келишини инобатга олинса, чекловларнинг давом этиши энергия инқирозини янада чуқурлаштириши мумкин. Форс кўрфазидаги қатор давлатлар ҳам хавфсизлик нуқтаи назаридан қазиб олишни вақтинча тўхтатган.

Жаҳон иқтисодиёти 1970-йиллардаги энергия инқирозига ўхшаш жиддий синов қаршисида турибди.

Teglar

Mavzuga oid