add

Нефт нархи барқарорлашди

Kecha 18:372 daqiqa

Эрон билан боғлиқ хавотирлар пасайгач, нефт нархлари барқарорлашди, Россия нефтининг Ҳиндистонга оқими секинлашмоқда.

Нефт нархи барқарорлашди

Бугун, 9 феврал куни нефт нархлари барқарор қолди. АҚШ ва Эрон билвосита музокараларни давом эттиришга келишиб олгани нефт таъминоти билан боғлиқ хавотирларни камайтирди. Шу билан бирга, Ҳиндистоннинг Россия нефтини харид қилишдан чекиниши нархларни қўллаб-қувватламоқда. Бу ҳақда «Reuters» хабар берди.

Аввалги пасайишни қоплаб, «Brent» маркали нефт фючерслари 17 центга (0,3%) ошиб, баррели 68,22 долларни ташкил этди. «WTI» маркали АҚШ нефти эса 18 центга (0,3%) кўтарилиб, 63,73 долларга етди.

Эрон ва АҚШ томонлар ижобий деб баҳоланган музокаралардан сўнг мулоқотни давом эттиришга ваъда берди. Бу келишувга эришилмаслиги Яқин Шарқни урушга яқинлаштириши мумкинлиги ҳақидаги хавотирларни юмшатди, айни пайтда АҚШ минтақада ҳарбий кучларини жойлаштирган эди.

Дунёда истеъмол қилинадиган нефт ҳажмининг тахминан бешдан бир қисми Уммон ва Эрон ўртасида жойлашган Ҳормуз бўғози орқали ўтади.

Ўтган ҳафта «Brent» нефти 3 фоиздан ортиқ, «WTI» эса 2 фоизга яқин арзонлади – бу сўнгги етти ҳафта ичидаги илк пасайиш бўлди. Бу геосиёсий тарангликнинг пасайиши ва акциялар бозори бошчилигидаги умумий бозор сотувлари билан боғлиқ бўлди.

Шу билан бирга, Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи агар АҚШ кучлари томонидан ҳужум қилинса, мамлакат Яқин Шарқдаги АҚШ ҳарбий базаларига зарба беришини айтди.

«SEB» таҳлилчиси Бярне Шилдропнинг таъкидлашича:

«АҚШ ҳарбий кемалари жойлашган ҳудудда турган экан, Эрон билан боғлиқ рискни тўлиқ йўқ қилиш мумкин эмас».

Инвесторлар, шунингдек, Ғарб давлатларининг Украинадаги урушни молиялаштираётган Россия нефт экспортидан тушадиган даромадларни чеклашга қаратилган ҳаракатларини кузатмоқда. 6 феврал куни Европа комиссияси Россиянинг денгиз орқали нефт экспортини қўллаб-қувватловчи барча хизматларга кенг қамровли тақиқ жорий этишни таклиф қилди.

Манбаларга кўра, илгари Россия нефтини денгиз орқали энг кўп харид қилган мамлакат бўлган Ҳиндистон нефтни қайта ишловчи корхоналари апрел ойида етказиб бериладиган партияларни сотиб олишдан воз кечмоқда ва бу ҳолат узоқроқ давом этиши кутилмоқда. Бу эса Ню Делҳига Вашингтон билан савдо келишувини имзолашда ёрдам бериши мумкин.

«Sparta» нефт бозори таҳлилчиларига кўра:

«Агар Ҳиндистон Россия нефтини тўлиқ харид қилишни тўхтатса, бу жисмоний нефт бозори учун узоқ муддатли ўсиш омилига айланади».

Teglar

Mavzuga oid