«Нео-усмонизм» ва «Янги саудизм»: Эрдоған Яқин Шарқнинг янги мувозанат формуласини қидирмоқда

Kecha 23:263 daqiqa

Бир асрлик тарихий рақобат ўрнини прагматик иттифоққа бўшатиб бермоқда. Эрдоған Усмонли империяси таъсир доирасини тиклашга уринаётган бир пайтда, Муҳаммад бин Салмон минтақа етакчисига айланишни кўзламоқда.

«Нео-усмонизм» ва «Янги саудизм»: Эрдоған Яқин Шарқнинг янги мувозанат формуласини қидирмоқда

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоғаннинг Саудия Арабистонига яқинда амалга оширган ташрифи Яқин Шарқда янги геосиёсий иттифоқлар шаклланиши мумкинлиги ҳақидаги масалани яна кун тартибига чиқарди.

1

Мазкур сафар вақт жиҳатидан Ар-Риёд ва Бирлашган Араб Амирликлари ўртасида Яман ҳамда Шарқий Африка давлатлари ҳудудларида кучайиб бораётган зиддиятлар, шунингдек, экспертларнинг фикрича, Туркия ҳам назарий жиҳатидан қўшилиши мумкин бўлган «Покистон — Саудия Арабистони» ҳарбий формати муҳокамалари билан бир вақтга тўғри келди.

Етакчиларнинг минтақавий ташрифлари ўз-ўзидан аллақачон одатий ҳолга айланган бўлса-да, мазкур вазиятда таҳлилчилар анча жиддийроқ ўзгаришларга эъбор қаратишмоқда.

«Нео-усмонизм» ва «Янги саудизм» тўқнашуви

Ямандаги сўнгги воқеалардан сўнг Ар-Риёд фаол ташқи сиёсатга қайтаётганини намойиш этиб, яна мустақил куч маркази ролини ўйнашга интилмоқда.

Бундай шароитда муқаррар савол туғилади: Анқара валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмоннинг шартли равишда «янги саудизм» деб ном олган стратегик қарашларига мослашишга тайёрми?

Ёки замонавий Саудия давлатчилиги бор-йўғи бир аср аввал собиқ Усмонли ҳудудларида вужудга келганини ҳисобга олсак, Ар-Риёднинг ўзи Европада «нео-усмонизм» деб аталадиган, Анқарада эса «Усмонли империясининг ҳиссий географиясига қайтиш» деб таърифланадиган омил билан ҳисоблашишга мажбур бўладими?

2

2024 йил декабрида Сурияда Башар Асад режимининг Туркия очиқдан-очиқ қўллаб-қувватлови остида ағдарилиши ўзига хос туртки бўлиб хизмат қилди. Мазкур воқеа бин Салмонни минтақавий ўйинларда яна фаоллашишга ҳамда ташқи сиёсатда янги комбинацияларни шакллантиришга ундади.

Кейинчалик Ар-Риёд ва Анқара Суриянинг янги раҳбариятини қўллаб-қувватлашда ўз ҳаракатларини ўзаро мувофиқлаштириб олди. Саудия Арабистони стратегик аҳамиятга эга бўлган Раққа ва Дайр-аз-Зор провинцияларидаги қатор араб қабилаларининг ҳукумат кучлари томонига ўтишига кўмаклашди, бу эса курд тузилмаларига қарши амалиётларни сезиларли даражада осонлаштирди. Ўзаро ишончсизлик билан кечган ўн йилликдан сўнг, Туркия ва Саудия Арабистони Сурияда илк бор амалда бир томонда кўриниш берди.

Мудофаа ва иқтисодиёт: Стратегик шерикликнинг янги устунлари

Яқинлашув мантиғи ниҳоятда прагматик: на Анқара ва на Ар-Риёд Яқин Шарқдаги беқарорлик юкини якка ўзи кўтаришга тайёр эмас. Туркиянинг ҳарбий салоҳияти ва Саудиянинг молиявий ресурслари уйғунлиги минтақавий мувозанатнинг янада мустаҳкам тузилмасини яратишга қодир.

3

Икки томонлама кун тартибида мудофаа саноати алоҳида ўрин эгаллади. Ар-Риёд ҳарбий жиҳатдан тўлиқ ўз-ўзини таъминлашга ҳамда Анқаранинг технологик кўмаги остида, жумладан, учувчисиз тизимлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришга интилмоқда. Бунинг эвазига Саудия Арабистони Туркия иқтисодиётига инвестициялар ҳажмини кенгайтиришга тайёр эканини билдирмоқда, бу эса ҳарбий-сиёсий шерикликни комплекс иқтисодий иттифоққа айлантиради.

Шунга қарамай, Туркия, Саудия Арабистони ва Покистон иштирокида янги стратегик куч марказини шакллантириш ҳақидаги мулоҳазалар ҳозирча тахмин даражасида қолмоқда. Минтақанинг реал хавфсизлик архитектураси Анқаранинг икки асосий араб ўйинчиси — Ар-Риёд ва Абу-Даби ўртасида нозик мувозанатни сақлаш ҳамда улар ўртасида тўғридан-тўғри тўқнашувга йўл қўймаслик қобилиятига боғлиқ бўлади. Анқаранинг айнан шу дипломатик ҳаракатлари Туркия ва Саудия яқинлашуви мустаҳкам иттифоққа айланадими ёки бу фақат вақтинчалик манфаатлар уйғунлигими — шуни ҳал қилади.

Teglar

Mavzuga oid