АҚШ-Эрон можаросининг 49-куни
Исроил ва Ливан ўртасида узоқ муддатли келишувга йўл очувчи 10 кунлик сулҳ кучга кирди.
© ReutersАҚШ Давлат департаменти маълумотларига кўра, 10 кунлик сулҳ кучга кириши ортидан Ливанда байрам тадбирлари бошланган. Бу эса Исроил ва Ливан расмийлари ўртасида келгусида барқарор тинчлик битимини тузиш бўйича музокаралар бошланишига замин яратмоқда.
Америка Қўшма Штатлари президенти Доналд Трамп Эрон билан урушга чек қўйиш бўйича келишувга эришишга «жуда яқин» эканини билдирди. Эрон Ташқи ишлар вазирлиги ҳам мазкур сулҳни олқишлаб, буни Вашингтон билан минтақавий низони тўхтатиш борасидаги кенг кўламли ҳаракатларнинг бир қисми деб баҳолади.
Эрондаги вазият
· Келишув «жуда яқин»: Трамп Эрон билан урушни якунлаш бўйича битим яқинлигини, музокараларнинг навбатдаги босқичи шу дам олиш кунлари Исломободда ўтказилиши мумкинлигини айтди.
· «Силжиш бор, бироқ келишмовчиликлар сақланиб қолмоқда»: теҳронлик таҳлилчи Абас Асланийнинг таъкидлашича, АҚШ ва Эрон ўртасидаги мулоқотда маълум бир ижобий силжиш кузатилаётган бўлса-да, жиддий ихтилофлар ҳамон мавжуд. Трамп можародан чиқиш йўлини қидираётган бир пайтда, ҳар икки томон ҳам ё якуний келишувга, ёки яна урушга қайтишга тайёргарлик кўрмоқда.
АҚШдаги вазият
· Трамп «Ҳизбуллоҳ»дан «ўзини муносиб тутишни» кутмоқда: Трамп 10 кунлик сулҳ амалда бўлган даврда «Ҳизбуллоҳ» гуруҳининг «ўзини вазмин ва муносиб тутишига» умид билдирди.
· Оқ уйга таклифнома: Трамп ўзининг «Truth Social» тармоғида: «Мен Исроил бош вазири Биби Нетаняху ва Ливан президенти Жозеф Аунни Оқ уйга таклиф қиламан», деб ёзди.
· Трамп нефть нархи бўйича огоҳлантиришларни истеҳзо билан тилга олди: Лас-Вегасда нутқ сўзлаган Трамп Эрон билан уруш нефт нархини «бир баррели учун 300 долларгача» кўтариб юбориши мумкинлиги ҳақидаги башоратларни рад этди Унинг сўзларига кўра, бозордаги беқарорлик ва глобал ёқилғи таъминотидаги узилишларга қарамай, иқтисодий кўрсаткичлар мустаҳкамлигича қолмоқда.
Исроилдаги вазият
· Нетаняху сулҳни олқишламоқда: Исроил бош вазири Бинямин Нетаняху Ливан билан тузилган 10 кунлик ўт очишни тўхтатиш келишуви Байрут билан «тарихий тинчлик битими» тузиш учун имконият эканини айтди. Бироқ у Ҳизбуллоҳнинг қуролсизлантирилиши асосий шарт бўлиб қолишини таъкидлади.
· Исроил зарбаси натижасида етти киши ҳалок бўлди: Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, икки давлат ўртасида сулҳ кучга киришидан бир неча соат олдин Исроилнинг Ливан жанубидаги Ғозия шаҳрига берган зарбаси камида етти кишининг ҳаётига зомин бўлди, 33 киши жароҳатланди.
· Исроилда норозилик кучаймоқда: Кўплаб исроилликлар, айниқса мамлакат шимолида яшовчилар ўзларини алдангандек ҳис қилмоқда. Уларга «мутлақ ғалаба» ва Ливан жанубида хавфсиз ҳудуд ташкил этилиши ваъда қилинган эди.
· Асосий мақсадга эришилмаган: Ҳизбуллоҳни қуролсизлантириш борасидаги Исроилнинг режаси ҳамон амалга ошмай қолмоқда. Таҳлилчиларнинг фикрича, Ливанни тўлиқ эгаллаш учун Исроилнинг етарли қўшини ва имконияти мавжуд эмас.
· Исроил мухолифати сулҳни танқид қилди: Мухолифат етакчиси Яир Лапид Ливан билан тузилган келишувни қоралаб, бу сулҳ шимолий ҳудудлар учун хавфни бартараф этмаслигини айтди.
Ливандаги вазият
· Ливан бош вазири сулҳни олқишлади: Ливан бош вазири Наваф Салом Трампнинг Исроил билан ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги эълонини олқишлади.
· Ҳизбуллоҳ сулҳ жараёнида: Трамп Исроил ва Ливан ўртасидаги сулҳ Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган Ҳизбуллоҳни ҳам ўз ичига олишини билдирди.
· Ҳизбуллоҳ «парда ортида»: Таҳлилчи Рами Хурийнинг айтишича, Ҳизбуллоҳ Исроил-Ливан сулҳида марказий ўрин тутади, бироқ у «парда ортида» иш олиб бормоқда. Гуруҳнинг Ливан ҳукумати билан бўлган мураккаб алоқалари сулҳнинг қанчалик мустаҳкам бўлишини белгилайди.
· «Вақтинчалик сулҳ» хавотирларни кучайтирмоқда: «Ал-Жазира» вакилининг Сайдо шаҳридан хабар беришича, аҳоли ҳамон хавотирда. Исроил Ҳизбуллоҳни қуролсизлантиришни талаб қилиб, Ливан жанубидан чиқиб кетишдан бош тортмоқда. Байрут эса Исроил қўшинларининг тўлиқ олиб чиқиб кетилишини талаб қилмоқда. Бу фундаментал зиддият сулҳни мўрт ва вақтинчалик қилиб қўймоқда.





