add

Нетаняҳу ва араб давлатлари Трампдан Эронга зарбани кечиктиришни сўраган

Bugun 08:002 daqiqa

АҚШнинг Яқин Шарқдаги иттифоқчилари Эронга эҳтимолий зарба минтақавий урушга айланишидан хавотир билдириб, Вашингтонга дипломатик босимни кучайтирмоқда.

Нетаняҳу ва араб давлатлари Трампдан Эронга зарбани кечиктиришни сўраган

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу АҚШ президенти Доналд Трампдан Эронга режалаштирилаётган ҳарбий зарбани кечиктиришни сўраган. Бу ҳақда америкалик манбаларга таяниб «The New York Times» хабар берди. Суҳбат 14 январ куни бўлиб ўтган ва у Эрон атрофидаги кескинлашган вазиятнинг муҳим бурилиш нуқтаси сифатида баҳоланмоқда.

Манбаларга кўра, шу куниёқ Трамп «қарши томондан жуда муҳим ахборот» олганини ва Эронда намойишчиларга нисбатан қатллар тўхтатилганини маълум қилди. NYT талқинига кўра, айнан шу маълумот АҚШ президентининг ҳарбий сценарийдан вақтинча воз кечишига сабаб бўлган.

Нетаняҳу билан бир вақтда АҚШнинг бошқа минтақавий иттифоқчилари ҳам Вашингтонга ўхшаш сигнал юборган. Қатар, Ўмон, Миср ва Саудия Арабистонининг юқори лавозимли расмийлари охирги икки кун ичида АҚШ расмийлари билан боғланиб, Эронга зарба бутун Яқин Шарқни қамраб оладиган можарога айланиши мумкинлигидан огоҳлантирган.

«Financial Times» эса сўнгги кунларда Нетаняҳунинг одатдагидан фарқли равишда сукут сақлаётганига эътибор қаратди. Газета манбаларига кўра, Исроил раҳбарияти Трамп даврида Эрон масаласида «ноёб имконият дарчаси» очилганини англаб турибди ва Вашингтон ушбу йўналишда ташаббусни Исроилга топшириши мумкин.

Бироқ минтақадаги давлатлар учун ҳарбий сценарийдан кўра сиёсий барқарорлик устувор ҳисобланади. Уларнинг фикрича, АҚШнинг бевосита аралашуви нафақат Эрон билан, балки кенгроқ минтақада узоқ муддатли беқарорлик хавфини кучайтиради. Шу сабаб, дипломатик каналлар орқали вақтдан ютиш ва босимни пасайтириш ҳозирча энг мақбул йўл сифатида кўрилмоқда.

Teglar

Mavzuga oid