Logo

Никоҳлар камаймоқда: муаммо турмуш қуриш ёшида эмас

Bugun 14:252 daqiqa

Ўзбекистонда никоҳлар ва туғилишлар сони қисқармоқда. Лекин бу ҳолат турмуш қуриш ёшининг ўсиши билан эмас, аҳоли таркибидаги ўзгаришлар билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Никоҳлар камаймоқда: муаммо турмуш қуриш ёшида эмас © mywed.com

Ўзбекистонда туғилишлар ва никоҳлар сонининг қисқариши демографик инқироз ҳақидаги баҳсларни кучайтирмоқда. Хусусан, 2023 йилдаги юқори кўрсаткичдан кейин туғилишлар кетма-кет икки йил давомида пасайган, никоҳлар сони эса тўрт йилдан буён камайиб бормоқда.

Бу ҳолат айрим кузатувчилар томонидан аҳолининг турмуш қуришни кечиктираётгани ва мамлакат демографик инқироз сари юз тутаётгани ҳақидаги хулосаларга сабаб бўлмоқда. Бироқ иқтисодчи Миркомил Холбоев таҳлилига кўра, мавжуд статистика бундай фикрларни тасдиқламайди.

Аксинча, 2025 йилда биринчи никоҳ учун ўртача турмуш қуриш ёши аёлларда 21,4 ёшни, эркакларда эса 25,6 ёшни ташкил этган. Эътиборлиси, бу кўрсаткичлар бир йил олдингига нисбатан пасайган. Аёлларда ўртача никоҳ ёши 0,4 ёшга, эркакларда эса 0,6 ёшга қисқарган.

Ёшлар таркиби таъсири

Турмуш қуриш ёшидаги ўзгаришни узоқроқ давр кесимида кўриб чиқилганда ҳам шундай манзара кузатилади. Масалан, 2017 йил билан таққослаганда аёлларда ўртача турмуш қуриш ёши 1,4 ёшга, эркакларда эса 0,7 ёшга камайган.

0

Манба: Mirkonomika

Шу сабабли никоҳлар сонининг қисқаришини аҳолининг кечроқ оила қураётгани билан изоҳлаб бўлмайди. Аксинча, статистика ёшлар олдингидан эртароқ турмуш қураётганини кўрсатмоқда.

Мутахассис фикрича, асосий омил никоҳ ёшидаги аҳоли сонининг камайиб бориши ҳисобланади.

2021 йилда 20–24 ёшлилар сони 25–29 ёшлиларга нисбатан 511,8 минг нафарга кам бўлган. 2023 йилда ҳам ушбу икки ёш гуруҳи ўртасидаги фарқ 425,5 минг нафарни ташкил этган.

Авлодлар алмашинуви

Бу ҳолат мустақилликнинг илк йиллари ва 2000 йиллар бошидаги иқтисодий қийинчиликлар даврида туғилишлар сонининг пасайгани билан боғланади. Ўша йилларда туғилган нисбатан кам сонли авлод ҳозир айнан турмуш қуриш ва фарзанд кўриш ёшига етган.

Натижада никоҳлар ва туғилишлар сони қисқармоқда. 2024 йилда фертиллик даражасида ҳам маълум пасайиш қайд этилган бўлса-да, ҳозирча туғилишларнинг камайишида асосий омил авлодлар алмашинуви бўлиб қолмоқда.

Мутахассис фикрича, Ўзбекистон ҳали Япония, Жанубий Корея ёки Хитой каби мамлакатларда кузатилаётган чуқур демографик муаммолардан анча узоқ. Келажакда ривожланган давлатларга хос айрим демографик чақириқлар пайдо бўлиши мумкин, аммо бугунги вазиятни ушбу давлатлардаги демографик инқироз билан тенглаштириш учун асослар етарли эмас.

Teglar

Mavzuga oid

Никоҳлар камаймоқда: муаммо турмуш қуриш ёшида эмас | Vaqt.uz