add

Ногиронларга шароит яратилмаган лойиҳаларга хулоса бериш катта миқдорда жаримага тортилади

Bugun 14:251782 daqiqa

Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ижтимоий назоратни кучайтиришга қаратилган янги жавобгарлик нормалари қабул қилинди.

Ногиронларга шароит яратилмаган лойиҳаларга хулоса бериш катта миқдорда жаримага тортилади

Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган шахсларга шарт-шароитлар яратиш бўйича лойиҳа бўлими мавжуд бўлмаган шаҳарсозлик ҳужжатларига эксперт ташкилотлар томонидан ижобий хулоса берилса, БҲМнинг 50 бараваридан 70 бараваригача жарима солиниши белгиланди. Бу норма ЎРҚ–1102-сон қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгартиришлар орқали жорий этилди.

Қонун ногиронлиги бўлган шахслар учун мос муҳит яратиш талабларини бажаришда масъулиятни кучайтиришга қаратилган. Хусусан, шаҳарсозлик ҳужжатларида инклюзив инфратузилмага оид алоҳида лойиҳа бўлими бўлиши шарт этиб белгиланиб, ушбу талабни четлаб ўтиб берилган ҳар қандай ижобий эксперт хулосаси маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади.

Шунингдек, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, унинг ҳудудий бошқармалари, «Инсон» марказлари ҳамда Ижтимоий инспекция ходимларининг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун ҳам аниқ жарималар жорий этилди. Бундай ҳолатларда фуқароларга БҲМнинг 3 бараваридан 5 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 5 бараваридан 10 бараваригача жарима солиниши назарда тутилди.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож шахслар учун қонунчиликда белгиланган имтиёзлар ва ижтимоий кафолатларни таъминламаган мансабдор шахслар ва хизматчилар ҳам БҲМнинг 3 бараваридан 5 бараваригача миқдорда жаримага тортилади. Бу нормалар ижтимоий хизматлар соҳасида масъулият ва интизомни кучайтиришга қаратилган.

Қонунда солиқ имтиёзлари ҳам назарда тутилди. Жумладан, Ижтимоий ҳимоя ягона реестри ёки Камбағал оилалар реестрига киритилган оилалар аъзоларига ҳомийлик ташкилотлари томонидан солиқ даври мобайнида БҲМнинг 100 бараваригача тўғридан-тўғри берилган пул хайрияларига даромад солиғи солинмайди.

Бундан ташқари, ногиронлиги бўлган шахслар, фахрийлар, хотин-қизлар ва болалар жамоат бирлашмаларини давлат рўйхатидан ўтказиш учун давлат божи белгиланган ставканинг 50 фоизи миқдорида ундирилади. Шу билан бирга, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига ижтимоий хизмат ва ёрдамлар кўрсатиш мақсадида маълумотларга ишлов бериш бўйича қўшимча ваколатлар берилди.

Teglar

Mavzuga oid