add

Олмалиқ комбинатида янги металлургия мажмуаси барпо этилади

Bugun 12:49912 daqiqa

2026 йилда Ўзбекистон саноатида кимё, металлургия ва бошқа тармоқларда йирик инвестиция лойиҳалари бошланиб, экспорт 40 млрд долларга етказилади.

Олмалиқ комбинатида янги металлургия мажмуаси барпо этилади

2026 йилдан Ўзбекистон саноатида қатор стратегик йирик лойиҳаларни амалга ошириш бошланади. Улар иқтисодиётнинг базавий тармоқларини чуқур қайта ишлаш, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар улушини ошириш ҳамда экспорт салоҳиятини кенгайтиришга қаратилган.

Хусусан, Олмалиқ кон-металлургия комбинатида қиймати 2 миллиард 700 миллион доллар бўлган янги металлургия мажмуасини барпо этиш режалаштирилган. Лойиҳа қуввати йилига 300 минг тонна мис катодини ишлаб чиқаришни назарда тутади. Ушбу мажмуа мисни чуқур қайта ишлашни кенгайтириш орқали экспортбоп маҳсулотлар ҳажмини ошириш имконини беради.

Кимё саноатида ҳам йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилади. Самарқанд кимё заводида 381 миллион доллар инвестиция ҳисобига йилига 370 минг тонна фосфорли ва 540 минг тонна мураккаб ўғитлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Бу қишлоқ хўжалиги учун маҳаллий ўғитлар таъминотини сезиларли даражада яхшилаши кутилмоқда.

Шунингдек, Қашқадарё вилоятида 200 миллион долларлик янги кимё заводи қурилиши бошланади. Лойиҳа доирасида маиший кимё, полимер ва синтетик ёқилғи ишлаб чиқариш учун зарур бўлган йилига 50 минг тонна алкилбензол маҳсулоти олиш имконияти яратилади.

Умуман олганда, 2026 йилда кимё саноатида 4,5 миллиард долларлик янги лойиҳалар старт олади. Тоғ-кон металлургия, нефт-газ, автомобилсозлик, тўқимачилик ва қурилиш материаллари тармоқларининг ҳар бирида 3 миллиард доллардан, электроника ва электротехника соҳасида 2 миллиард долларлик, фармацевтика тармоғида эса 800 миллион долларлик янги инвестиция лойиҳалари амалга оширилиши режалаштирилган.

Кўзда тутилган чора-тадбирлар натижасида 2026 йилда мамлакатнинг умумий экспорт ҳажмини 40 миллиард долларга етказиш, тайёр ва ярим тайёр маҳсулотлар улушини эса 55 фоиздан ошириш мақсад қилинган. Бу иқтисодиётни хомашёга қарамликдан босқичма-босқич озод қилиш йўлида муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.

Teglar

Mavzuga oid

Олмалиқ комбинатида янги металлургия мажмуаси барпо этилади | Vaqt.uz