add

Олмосдан 10 минг карра ноёб тош: у фақат Туркияда қазиб олинади

Bugun 14:358362 daqiqa

Анатолия қаърида қазиб олинадиган диаспор тоши дунёдаги энг нодир ва қимматбаҳо минераллардан бири бўлиб, у фақат Туркия ҳудудида учрайди.

Олмосдан 10 минг карра ноёб тош: у фақат Туркияда қазиб олинади

Қимматбаҳо тошлар дунёсида нодир деганда одатда олмос, ёқут ёки зумрад тилга олинади. Бироқ мутахассислар таъкидлашича, диаспор деб аталадиган минерал ушбу машҳур тошлардан ҳам анча ноёб ҳисобланади. Айрим баҳолашларга кўра, диаспор олмосдан тахминан 10 минг карра кам учрайди ва у дунёда фақат битта ҳудудда — Туркиянинг Бофа кўли билан Милас оралиғидаги боксит конларида қазиб олинади, деб ёзмоқда Onedio.com нашри.

diaspor2

Диаспорнинг шаклланиши 60–100 млн йил олдин боксит қатламлари ичида содир бўлган. Унинг шаффоф ва ранг ўзгартириш хусусиятига эга кристаллари илк бор ўтган асрнинг 1970-йилларида аниқланган. Кон майдони катта бўлса-да, зеб-зийнат сифатида ишлатишга яроқли диаспор фақат чекланган ҳудуддан олинади, бу эса уни янада қимматли қилади.

Ушбу тошни бошқаларидан ажратиб турадиган асосий жиҳат — ёруғликка қараб ранги ўзгаришидир. Кундузги оқ ёруғликда диаспор зайтун яшили тусда намоён бўлса, иссиқ ёки шам ёруғлигида у пушти ва қизғиш тусларга киради. Мутахассислар бу хусусиятни табиий «тус ўйини» деб аташади.

Бироқ ҳар бир қазиб олинган диаспор кристали зеб-зийнат сифатига мос келавермайди. Аксарият тошлар жуда ингичка ёки юпқа бўлади. Фақат маълум қалинлик ва шаффофликка эга бўлганларгина қайта ишланади. Шу билан бирга, диаспорнинг мўрт тузилиши уни кесиш ва сайқаллашда юқори маҳорат талаб қилади.

Мутахассислар бозорда учрайдиган сунъий диаспорлардан эҳтиёт бўлишга чақирмоқда. Ҳақиқий тошда ранг ўтиши жуда юмшоқ ва табиий бўлади. Бугун диаспор АҚШдан тортиб Хитой ва Европа бозорларигача экспорт қилиниб, Туркиянинг ноёб табиий бойлиги сифатида халқаро зеб-зийнат саноатида юқори баҳоланмоқда.

Teglar

Mavzuga oid