Омонатга қўйилган 500 минг долларни ўзлаштирган банкирлар қўлга олинди
Тошкент шаҳридаги тижорат банкида юз берган мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
© pixel shotТошкент шаҳри Учтепа туманида тижорат банки ходимлари мижознинг 500 минг долларлик омонат пулларини ўзлаштиргани аниқланди. Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент маълум қилди.
Текширув жараёнида тижорат банкининг масъул шахслари фуқаро И.М.нинг банк омонатига қўйилган 500 минг АҚШ долларини сохта ҳужжатлар асосида қўлга киритгани маълум бўлган.
Қайд этилишича, маблағлар ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилинган. Тергов органлари бу ҳаракатларни молиявий фирибгарлик ва ҳужжатларни қалбакилаштириш билан боғламоқда.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167-моддаси — ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш ҳамда 228-моддаси — ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар ва бланкаларни қалбакилаштириш бўйича жиноят иши қўзғатилган.
Айни пайтда иш доирасида тергов ҳаракатлари давом этмоқда. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар воқеага алоқадор шахсларни аниқлаш ва етказилган зарарни қоплаш чораларини кўрмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бухорода 1 мрлд сўмдан ортиқ омонат пулларини ўзлаштирган фирибгарлар қўлга олингани ҳақида хабар берилган эди.





