add

Осмон, пул ва икки «аҳмоқ»: даҳанаки жангни миллиардларга айлантирган «Ryanair»

26.01.2026 | 13:107 daqiqa

Дунёнинг энг бой инсони Илон Маск ижтимоий тармоқда Ирландиянинг лоукостер авиакомпанияси раҳбари билан тортишиб қолди. «Ryanair» эса бу текин рекламадан фойдаланиб, катта даромад топди.

Осмон, пул ва икки «аҳмоқ»: даҳанаки жангни миллиардларга айлантирган «Ryanair»

Бир сарлавҳада Майкл О’Лири ва Илон Маск исмлари бирга ишлатилса, дунё ёки технологик инқилобни, ёки улкан можарони кутaди. 2026 йил январ ойи бизга иккинчисини тақдим этди. Авиакомпания акциялари янги йиллик максимумларни забт этаётган бир пайтда, унинг раҳбари сайёранинг энг бой одами билан очиқча жанжалга киришди.

Аммо бу медиа спектаклининг пардаси ортида шунчаки шов-шув эмас, балки компания ўзининг сўнгги чораклик ҳисоботида очиб берган рақамларга асосланган совуқ мантиқ ётибди. Ана шу рақамлар О’Лири нима учун ҳатто дунёнинг энг бой одамининг маслаҳатларини ҳам писанд қилмасликка қодир эканини тушунтиради.

 

Илон Маск билан можаро хроникаси

Баҳс «SpaceX»нинг «Starlink» сунъий йўлдош интернети атрофида авж олди.

Илон Маск «Starlink»ни авиакомпаниялар учун ечим сифатида фаол тарғиб қилди ва кўплаб ташувчилар уни жорий этишни бошлади. Бироқ Майкл О’Лири бунга қатъиян қарши чиқди. У ўз интервюларидан бирида буни рақамлар тилида изоҳлади: «Starlink» сунъий йўлдошли интернет антенналарини самолёт фюзеляжига ўрнатиш аэродинамик қаршиликни оширади, бу эса ёқилғи сарфини 2 фоизга кўпайтиришга олиб келади. «Ryanair»нинг йиллик ёқилғи харажатлари миллиардлаб евро билан ўлчанишини инобатга олсак, бу «икки фоиз» акциядорлар учун ўнлаб миллион евро соф фойдадан маҳрум бўлиш демакдир.

О’Лири яна шуни ҳам таъкидладики, қисқа масофали рейсларда (ўртача давомийлик – бир соатдан сал кўпроқ) йўловчилар Wi-Fi учун ортиқча пул тўлашга тайёр эмас, компания эса бу хизматни ўз зарарига тақдим этмоқчи эмас.

 

Улар ижтимоий тармоқларда айнан нима деб ёзишди?

Майкл О’Лири:
«Мен Илон Маскка умуман эътибор ҳам бермас эдим... Илон Маск парвозлар ва аэродинамик қаршилик ҳақида мутлақо тушунчага эга эмас».

Илон Маск:
«Ryanair»нинг бош директори – бутунлай аҳмоқ. Уни ишдан бўшатинг».

ryanair liri 02

Узр сўраш ўрнига, «Ryanair» можарони бепул рекламага айлантирди. Компания дарҳол «Big Idiots Seat Sale» («Катта аҳмоқлар учун жойлар сотуви») акциясини ишга тушириб, чипталарни 16,99 евродан сотувга чиқарди. 2026 йил 21 январь куни Дублинда бўлиб ўтган матбуот анжуманида О’Лири Маскка пиар учун «миннатдорлик» билдирди ва сотувлар ўсганини таъкидлади. Шунингдек, у «Ryanair» балансда 0,6 миллиард евро соф нақд маблағга эга эканини эслатиб, бизнесни бошқариш бўйича унга ҳеч қандай маслаҳат керак эмаслигини айтди.

ryanair liri 03

 

Кичик орзусидан Европа осмони ҳукмдоригача

Шу ўринда «Ryanair» тарихи билан танишсак. У инқироз ва жасорат қандай қилиб гигантларни туғдиришининг классик намунасидир.

Компания 1984 йилда Райан (Ryan) оиласи – Кристи, Тони ва Лиам Лонерган томонидан ташкил этилган. Авиакомпания жуда камтарона иш бошлади: унинг 15 ўринли «Embraer» турбовинтли самолёти Ирландиянинг Уотерфорд шаҳри билан Лондоннинг Гатвик аэропорти ўртасида қатнаган. Ўша пайтдаги мақсад оддий эди — нархларни жуда юқори даражада ушлаб турган давлат авиакомпаниялари «British Airways» ва «Aer Lingus» монополиясини йўққа чиқариш.

Бироқ ҳақиқий инқилоб асосчилар туфайли эмас, балки уларни банкротликдан қутқариш учун келган инсон сабабли рўй берди. 1990-йиллар бошида компания зарар кўраётган эди. Тони Райан ёш молиячи Майкл О’Лирини ишга олди, у дастлаб авиакомпанияни ёпишни маслаҳат берган. Аммо АҚШга сафар қилиб, «Southwest Airlines» моделини ўргангач, О’Лири келажакни «ўта арзон» (ultra-low-cost) концепциясида кўрди.

1994 йилда бош директор лавозимини эгаллаган О’Лири бутун ўйин қоидаларини ўзгартирди. У бизнес-класс, бепул ичимликлар ва ҳар қандай ортиқча қулайликлардан воз кечди. Формула қаттиқ, аммо самарали эди: самолётлар туриши эмас, учиши керак. Самолётларнинг мудом парвозда бўлиши, иккинчи даражали аэропортлардан фойдаланиш ва флотни бир хиллаштириш ташиш харажатларини кескин камайтиришга имкон берди.

Бугун «Ryanair» — авиация саноатининг ҳақиқий гиганти. 2025 йил апрелидан сентябригача бўлган биринчи даврда компания рекорд даражада — 115 миллион йўловчини ташиди, бу ўтган йилга нисбатан 9 фоизга кўп. Унинг авиапаркидаги учоқлари сони 650 тага яқин. Улар асосан Boeing 737-800 ва MAX 8 самолётларидан иборат. Бу энди оддий минтақавий ташувчи эмас, балки самолётда саёҳат қилишни ҳашаматдан кундалик одатга айлантирган Европанинг энг йирик авиакомпаниясидир.

ryanair liri 05

 

Фойда анатомияси: «Олтин чорак» ва яширин даромадлар

«Ryanair» нима учун можаролар пайтида ўзини шунчалик ишонч билан тута олишини тушуниш учун, унинг молиявий ҳисоботларига, айниқса 2025 йилнинг сентябрида якунланган «олтин» чорак натижаларига назар ташлаш керак. Бизнес модели бир нечта устунларга таянади ва айнан шу омиллар ғоят юқори маржиналликни таъминлайди.

1. Пик мавсумдаги феноменал самарадорлик. Сўнгги ҳисобот чораги (2025 йил июл–сентябр) бўйича маълумотлар ҳатто Уолл-стритдагиларни ҳам ҳайратга солди. Компаниянинг ушбу уч ойдаги тушуми 5,48 миллиард еврога етди ва 8,17 фоиз ўсишни кўрсатди. Аммо ҳақиқий мўъжиза «Соф даромад» сатрида яширинган. Биргина чорак ичида компания 1,72 миллиард евро соф фойда олди – бу ўтган йилга нисбатан 20,10 фоизлик сакраш демакдир.

2. Харажатлар назорати ва ёқилғи нархини белгилаш. «Ryanair» Европа авиакомпаниялари орасида энг паст бирлик харажатларга эга (ёқилғини ҳисобга олмаган ҳолда, бир йўловчига тахминан 33 евро). Компания энергия ресурслари бозорида маҳорат билан ҳаракат қилади. 2026-молиявий йил учун молия бўлими ёқилғи эҳтиёжининг 85 фоизини баррели 79 доллар нархида олдиндан белгилаб қўйди. Бу нефт нархларидаги тебранишлардан ишончли ҳимоя яратиб, фойдани швейцария соати аниқлигида режалаштириш имконини беради. Сўнгги чоракда EBITDA кўрсаткичи (солиқлар ва амортизациядан олдинги фойда) 16,73 фоизга ўсиб, 2,29 миллиард еврога етди.

3. Қўшимча даромадлар. Бу — О’Лирининг яширин қуроли. Асосий авиачипта қиммат бўлмаслиги мумкин, аммо ҳақиқий пул қўшимча хизматлар орқали ишланади. Сўнгги ҳисоботга кўра, қўшимча хизматлардан (багаж учун қўшча пул, устувор чиқиш, жой танлаш) олинадиган ўртача даромад бир йўловчига 24,80 еврога етди. Буни ярим йилдаги 115 миллион мижозга кўпайтирса, «қулайлик» сотиш компанияга миллиардлаб евро келтираётганини, арзон чипталардаги эҳтимолий зарарларни эса амалда суғурталаб қўяётганини тушуниш мумкин.

ryanair liri 06

 

Бозор раллиси: «Ryanair» акциялари 2025–2026 йилларда

ОАВдаги шов-шувларга қарамасдан, инвесторлар ҳамёни билан овоз бермоқда. «Ryanair»нинг сўнгги бир йиллик акциялар динамикаси бозор компаниянинг молиявий натижаларидан жуда мамнун эканини кўрсатади.

Ўсиш динамикаси. 2025 йил давомида акциялар ишончли ўсувчи трендни намойиш қилди: 2025 йил биринчи чорагидаги йиллик минимум – тахминан 38,52 доллардан бошлаб, барқарор равишда юқорига кўтарилди. Кучли чораклик ҳисоботлар (айниқса рекорд фойда кўрсатилган сентябрь ҳисоботи) акция нархини янада оширди.

Пик қийматлар. Тарихий максимум 2026 йил 5 январ куни қайд этилди – бир акция учун 73,82 доллар. Бу самолётларнинг рекорд даражада тўлдирилиши ва маржанинг ўсиши ҳақидаги янгиликларга бозорнинг бевосита реакцияси бўлди.

ryanair liri 04

Можарога реакция. Маск билан бўлган низо авж олган пайтда акциялар қисқа муддатли ноаниқликка дуч келиб, 68,28 доллар даражасигача тузатилди. Бу 6–7 фоизлик пасайишни таҳлилчилар саросима сифатида эмас, шиддатли ўсишдан кейинги техник коррекция ва фойдани фиксация қилиш сифатида баҳоламоқда.

Компания акциялари P/E (нарх/фойда) мультипликатори бўйича инвесторларнинг келгусидаги ўсишга бўлган ишончини акс эттиради. Бу, айниқса, бир акция учун 0,223 евро миқдорида оралиқ дивидендлар эълон қилингани фонида яққол намоён бўлмоқда.

 

Уолл-стрит ҳукми: таҳлилчилар нима дейди?

Молиявий олам Маск билан бўлган можарони эҳтиёткорона оптимизм билан қабул қилди. Йирик инвестицион банклар таҳлилчилари «Xдаги шов-шув» ташувчининг фундаментал кўрсаткичларига таъсир қилмаётганини таъкидламоқда. Аксинча, «Starlink»дан воз кечиш профессионал ҳамжамият томонидан ижобий баҳоланди – бу «Ryanair» раҳбарияти хайпга берилмасдан, операцион харажатларни қатъий назорат қилиб келаётганининг исботи сифатида қабул қилинди.

«Қийин иқтисодий шароитларда соф фойда маржаси 31 фоизни ва EBITDA ўсиши 16 фоизни ташкил қилаётган компанияда бош директор истаган гапини айтиши мумкин. Майкл О’Лири – салбий ҳолатларни пулга айлантириш устаси. Бошқа ижрочи директорлар инқироз-менежерларни ёллаётган бир пайтда, у акция баннерларини чоп этмоқда», демоқда бозор кузатувчилари.

Акцияларга оид асосий хатарлардан бири янги «Boeing 737 MAX 10» самолётларини етказиб беришдаги кечикишлар бўлиб қолмоқда. Авиакомпания бу самолётлардан 150 та буюртма қилган. Бу кенгайиш суръатини секинлаштириши мумкин. Аммо ҳозирча компаниянинг молиявий пойдевори мустаҳкам кўринмоқда.

Катта пуллар оламида «ёмон бола» обрўси энг қиммат актив бўлиши мумкин. Илон Маск билан можаро компаниянинг асосий устунлигини – ўз бизнес моделига сўзсиз садоқатини яна бир бор намоён этди. Маск Марс ва сунъий йўлдош интернети ҳақида орзу қилаётган бир пайтда, О’Лири ерда маҳкам турибди – қўлида бир чорак учун 1,72 миллиард евро соф фойда ва содиқ йўловчилар оқими бор.

Инвесторлар учун «Ryanair» Европа авиабозорининг «кўк фишкали» компанияси бўлиб қолмоқда – у тинчликда ҳам, можаро эпицентрида ҳам пул ишлашни билади.

«Минфин» нашридан олинди.

Teglar

Mavzuga oid