Оятуллоҳлар режими поёни: Эрон сиёсий тизим ўзгариши остонасида — ОАВ
Foreign Affairs нашрининг ёзишига кўра, оятуллоҳ Али Хоминаий ҳокимияти якунланаётган бир пайтда Эрон сўнгги қирқ йилда илк бор сиёсий ўзгаришлар остонасида турибди.

Foreign Affairs таҳлилида таъкидланишича, Эрон ҳозирги пайтда сўнгги қирқ йилдаги энг жиддий сиёсий беқарорлик босқичига кирди. Бу вазият айниқса олий раҳбар оятуллоҳ Али Хоминаий ҳукмронлиги тугаб бораётган бир вақтда яққол намоён бўлмоқда.
«Исроил билан бўлиб ўтган 12 кунлик қуролли тўқнашув мамлакат ҳимоя тизимининг чекланган имкониятларини намоён қилди. Исроилнинг шаҳар ва ҳарбий объектларга берган зарбалари, шунингдек, АҚШнинг ядровий иншоотларга ҳаво ҳужумлари Теҳроннинг ҳарбий ва сиёсий нуфузини сезиларли даражада сусайтирди.
Иқтисодиётда эса чуқур инқироз кузатилмоқда: миллий валютанинг қадри кескин тушган, санкциялар, сув ва электр танқислиги, ифлос ҳаво ҳамда интернет цензураси аҳолининг ҳаётини оғирлаштирган. Шу билан бирга, режимнинг «Америкага ўлим» ва «Исроилга ўлим» каби шиорлари тараққиётдан кўра тўқнашувга асосланган сиёсатни акс эттирмоқда. Жамиятдаги ўзгаришлар ҳам сезиларли: ҳижоб тақиш мажбурияти заифлашмоқда, аёллар бу қоидаларни очиқчасига инкор этишмоқда», деб ёзади нашр.
Нашрга кўра, Хоминаийдан кейинги сиёсий йўл бир нечта сценарий бўйича ривожланиши мумкин. Режим идеологик догмани сақлаб қолиб, ички ва ташқи босим остида СССР каби емирилиши мумкин. Ёки ҳокимият Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (ИИМК) қўлига ўтиб, Покиcтондаги каби ҳарбийлар устувор кучга айланиши эҳтимоли бор. Шунингдек, Хитой моделига ўхшаш иқтисодий очилиш ва ташқи интеграция варианти ёки ҳатто Шимолий Корея сингари изоляция йўли ҳам эҳтимолдан холи эмас.
Тарихий жиҳатдан Эрондаги сиёсий ўзгаришлар ҳеч қачон олдиндан башорат қилиб бўлмайди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, мамлакат тақдири ташқи босим эмас, балки уламолар, ҳарбийлар ва фуқаролик жамияти ўртасидаги ички мувозанат билан белгиланади. Аксарият эронликлар учун энг асосий мақсад — иқтисодий барқарорлик ва эркинликни таъминлай оладиган «оддий, бошқариладиган ҳаёт»дир.





