add

Ўзбекистон 8 давлатда енгил саноат ваколатхоналарини очади

Ўзбекистон АҚШ ва Европа бозорларида енгил саноат ваколатхоналарини очиб, текстил экспортини ва инвестицияларни кенгайтиришни режалаштирмоқда.

Ўзбекистон 8 давлатда енгил саноат ваколатхоналарини очади

Ўзбекистон АҚШ, Туркия, БАА, Хитой, Германия, Саудия Арабистони, Россия ва Полшада Енгил саноатни ривожлантириш агентлигининг ваколатхоналарини ташкил этади. Бу мамлакатлар йилига жами 90 млрд долларлик тўқимачилик маҳсулотларини импорт қилади ва Ўзбекистон учун йирик экспорт бозорлари ҳисобланади. Энг муҳим вазифа сифатида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар маҳсулотларини ташқи бозорларга тизимли тарзда олиб чиқиш белгиланди.

Ваколатхоналар фаолияти доирасида текстил соҳасидаги 500 та йирик экспортчи корхонанинг маҳсулот намуналари ҳар бир элчихонада жойлаштирилади. Бу хорижий харидорлар, сурсинг компаниялар ва халқаро брендлар учун ўзбек маҳсулотларини бевосита таништириш имконини яратади.

Элчилар ва ваколатхоналар билан ҳамкорликда камида 15 та хорижий сурсинг компанияси ва халқаро брендларни Ўзбекистонга жалб этиш режалаштирилган. Шунингдек, 100 та маҳаллий корхона фаолиятига Better Work, BCI ва Organic каби халқаро стандарт ва дастурларни жорий этиш вазифаси қўйилди.

Ҳудудлар раҳбарларига элчилар билан бирга иш олиб бориб, экспортбоп маҳсулотларнинг хориждаги тақдимотини кучайтириш топширилди. Асосий ёндашув сифатида элчиларнинг лойиҳа топиш, уни амалга ошириш ва ишга туширишдан бевосита манфаатдор бўлиши таъкидланди. Шу мақсадда муваффақиятли якунланган лойиҳалар учун элчиларга устама ҳақ тўлаш амалиёти жорий этилади.

Жорий йилда экспортни 40 млрд долларга, инвестицияларни эса 50 млрд долларга етказиш мақсад қилинган. Бунинг учун ҳар бир элчи ўз ҳудудининг нисбий устунликларини чуқур таҳлил қилиб, экспорт, инвестиция ва технологиялар бўйича аниқ натижага ишлаши шартлиги қайд этилди.

Шу билан бирга, халқаро грантлардан самарали фойдаланиш масаласи ҳам танқидий кўриб чиқилди. Ҳар йили 200 млрд долларлик халқаро грантлар эълон қилинишига қарамасдан, мавжуд имкониятлар тўлиқ ишга солинмаётгани таъкидланди ва грантлар билан ишлаш бўйича янги тизим яратиш вазифаси қўйилди.

Teglar

Mavzuga oid