Ўзбекистон банклари «Золотая Корона» орқали пул ўтказишни тўхтатмоқда
Тўлов тизимига алоқадор ташкилот Европа Иттифоқи санкцияларига тушганди. Банклар «Золотая Корона» орқали пул ўтказиш вақтинча тўхтатилганини айтмоқда.

Ўтган ҳафтада Европа Иттифоқи 21-санкциялар пакети доирасида Россиянинг «Золотая Корона» операторини санкциялар рўйхатига киритди.
Шундан сўнг, Ўзбекистондаги банклар бирин-кетин бу хизмат орқали пул ўтказмаларини амалга оширишни тўхтатмоқда.
Дастлаб, «Асакабанк» ва «Агробанк» «Золотая Корона» пул ўтказмалари вақтинча тўхтатилганини, тизимда техник ишлар олиб борилаётганини маълум қилди.
Кейинчалик «Алоқабанк» ва «Микрокредитбанк» ҳам санкцияга тушган тизим билан пул ўтказмалари тўхтатилганини эълон қилди.
Хабар қилинишича, санкциялар ҳозирда фақат «Золотая Корона» оператори ва ҳисоб-китоб маркази ҳисобланувчи «Платёжный Центр»га нисбатан қўлланилган. Тўлов тизимининг ўзига нисбатан санкциялар жорий қилинмаган.
Шунга қарамай, рискларнинг олдини олиш ва назорат қилиш мақсадида давлат банклари тизим билан ҳамкорликни қайта кўриб чиқмоқда.
Аксарият хусусий банклар 2024-йилнинг ёзидаёқ «Золотая Корона» орқали пул ўтказмаларини тўхтатган эди. Ўшанда тўлов тизимига алоқадор компания АҚШ санкцияларига тушганди.





