add

Ўзбекистон энг кўп қайси давлатлардан импорт қилмоқда?

Bugun 13:152582 daqiqa

2025 йилнинг 11 ойи мобайнида импорт ҳажми қарийб 19 фоизга ошиб, асосий улуш Хитой ва Россия ҳиссасига тўғри келмоқда.

Ўзбекистон энг кўп қайси давлатлардан импорт қилмоқда?

2025 йилнинг январ–ноябр ойларида Ўзбекистоннинг ташқи савдосида импорт ҳажми 41,9 млрд АҚШ долларини ташкил этди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 18,7 фоизга ошган бўлиб, мамлакат иқтисодиётида ташқи бозорлар билан боғлиқ фаоллик сақланаётганини кўрсатади.

Миллий статистика қўмитасига кўра, ҳисобот даврида Ўзбекистон жами 180 та давлатдан товар ва хизматлар импорт қилган. Импорт ҳажмининг ўсиши саноат, энергетика, транспорт ва истеъмол бозорларида талаб юқори бўлиб қолаётгани, шунингдек, инвестиция лойиҳалари доирасида асбоб-ускуна ва технологиялар олиб кирилаётгани билан изоҳланади.

Импорт таркибида энг катта улуш Хитой ҳиссасига тўғри келган. 2025 йилнинг 11 ойида ушбу мамлакатдан 12,8 млрд долларлик маҳсулотлар импорт қилинган бўлиб, у Ўзбекистоннинг энг йирик савдо шериги сифатида етакчиликни сақлаб қолмоқда. Иккинчи ўринда Россия жойлашиб, ундан 7,8 млрд долларлик товар ва хизматлар олиб кирилган.

Марказий Осиё давлатлари ҳам импорт географиясида муҳим ўрин тутади. Қозоғистондан 3 млрд долларлик маҳсулот импорт қилинган бўлса, Туркиядан келтирилган товарлар ҳажми 1,7 млрд долларга етган. Корея Республикаси билан савдо алоқалари ҳам фаол бўлиб, ундан 1,5 млрд долларлик импорт амалга оширилган.

Европа ва Осиё давлатлари орасида Германия ва Ҳиндистон импорт ҳажми бўйича бир хил кўрсаткич қайд этган — ҳар икки мамлакатдан 1 млрд долларлик маҳсулот олиб кирилган. Шунингдек, Туркманистондан 926,2 млн доллар, Беларусдан 698,8 млн доллар ва АҚШдан 656,1 млн долларлик импорт амалга оширилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2025 йил январ–ноябр ойларида Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 72,8 млрд долларга етгани ҳақида хабар бергандик.

Teglar

Mavzuga oid