Ўзбекистон Грузияда элчихона очади
Томонлар элчихона очиш, форумлар ўтказиш ва ҳамкорликни кенгайтириш бўйича келишувларга эришди.
© prezident.uzЎзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Грузияга давлат ташрифи доирасида 3-июл куни кенгайтирилган музокаралар бўлиб ўтди. Учрашувда Ўзбекистон ва Грузия делегациялари иштирок этди.
Музокаралар якунлари бўйича Ўзбекистоннинг Грузиядаги элчихонасини таъсис этиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Бу икки мамлакат ўртасидаги дипломатик муносабатларни янада мустаҳкамлаш ва сиёсий-иқтисодий алоқаларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Шунингдек, томонлар 2026-йилда Ўзбекистонда қўшма таълим ва туризм форумларини ташкил этишга келишиб олди. Эришилган келишувларни амалга ошириш мақсадида қўшма «йўл харитаси» ишлаб чиқилади.
Маданий алоқалар кенгаяди
Музокаралар чоғида маданий-гуманитар ҳамкорлик масалалари ҳам муҳокама қилинди. Президент Шавкат Мирзиёев Тбилисидаги боғлардан бирига буюк шоир Алишер Навоий номини бериш тўғрисидаги қарор учун Грузия раҳбариятига миннатдорлик билдирди.
Томонлар маданий алмашинувларни янада фаоллаштириш муҳимлигини қайд этди. Хусусан, 2026 йил март ойида Тошкент шаҳрида Грузия маданияти кунларини ўтказиш режалаштирилгани таъкидланди.
Ўзбекистон ва Грузия ўртасидаги дипломатик муносабатлар 1994-йил 19-августда ўрнатилган. Ҳозирда Грузиянинг Тошкентда элчихонаси фаолият юритмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2-июл куни Шавкат Мирзиёев давлат ташрифи билан Тбилисига борган эди. Орбелиани саройида уни Грузия президенти Михаил Кавелашвили расмий кутиб олди ва олий даражадаги музокаралар ўтказилди.
Ташриф доирасида Ўзбекистон президенти Грузиянинг олий давлат мукофоти — «Олтин мўйна» ордени билан тақдирланди. Шунингдек, 3-июл куни Мирзиёев Тбилисидаги Қаҳрамонлар майдонига ташриф буюриб, Грузия мустақиллиги ва бирлиги учун ҳалок бўлган қаҳрамонлар хотирасига гулчамбар қўйди.





