Ўзбекистон Ироқ ва Сурияга савдо маслаҳатчиларини юборади

Мирзиёевга кўра, Сурия, Ироқ ва Афғонистоннинг ўзида 30 млрд долларлик маҳсулотга эҳтиёж бор.

Ўзбекистон Ироқ ва Сурияга савдо маслаҳатчиларини юборади

Афғонистоннинг Мозори-Шариф шаҳрида Ўзбекистон Товар-хомашё биржаси филиали очилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев иштирокидаги Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида маълум қилинди.

Йиғилишда таъкидланишича, Ургут тумани йилига 40 миллион долларлик саноат маҳсулотларини экспорт қилмоқда. Туманда йилига 350 миллион долларлик саноат маҳсулоти чиқиши ҳисобга олинса, бу жуда кам.

Президентга кўра, Сурия, Ироқ ва Афғонистоннинг ўзида 30 миллиард долларлик электротехника, текстил, озиқ-овқат, автомобил, фармацевтика ва қурилиш материалларига эҳтиёж бор.

«Лекин, бу бозорларга жадал кириб бориш бўйича на тармоқ раҳбарлари, на ҳокимлар ҳалигача тайинли натижа кўрсатмаётгани кўрсатиб ўтилди», - деди Шавкат Мирзиёев.

Шу боис, йил якунигача Афғонистонни Мозори-Шариф шаҳрида Товар-хомашё биржаси филиали очилади ва камида 100 турдаги маҳаллий маҳсулотларни сотиш йўлга қўйилади.

Кейинги йилдан Савдо-саноат палатасининг Ироқда 3 нафар, Сурияда 2 нафар савдо маслаҳатчилари иш бошлайди. Ироқнинг энг йирик 100 та тадбиркорларини Самарқандга таклиф қилиб, «Ўзбекистон-Ироқ» бизнес форумини ўтказиш муҳимлиги таъкидланди.

Умуман, келаси йили вилоятда 70 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш ва саноатда 25 минг иш ўрни яратиш режа қилинган.

Teglar

Mavzuga oid