Logo

Ўзбекистон Жаҳон чемпионатидан қанча даромад олади?

Bugun 22:453 daqiqa

Ўзбекистон футбол терма жамоаси илк мундиалида миллионлаб доллар ишлаб олиши кутилмоқда. Терма жамоа натижасига қараб мукофот ҳам ошиб бораверади. Мусобақада қатнашадиган футболчиларнинг клублари ҳам юз минглаб доллар компенсация олади.

Ўзбекистон Жаҳон чемпионатидан қанча даромад олади? © Foto: Ufa

Бугун, 11 июндан 12 июнга ўтар кечаси спорт тарихидаги энг йирик турнирлардан бири — футбол бўйича FIFA Жаҳон чемпионати бошланади. АҚШ, Канада ва Мексикада ўтаётган бу сафарги мусобақа фақат майдондаги кураш билан эмас, балки рекорд даражадаги молиявий мукофот жамғармаси билан ҳам эътибор тортмоқда.

FIFA маълумотларига кўра, 2026-йилги Жаҳон чемпионати учун ажратиладиган умумий молиявий маблағ 727 миллион долларни ташкил этади. Бу 2022-йилги Қатар мундиалига нисбатан 50 фоизга кўп.

АҚШ, Канада ва Мексикада ўтаётган чемпионат Ўзбекистон учун тарихдаги биринчи иштирок бўлади. Шундай экан, энг катта саволлардан бири: Ўзбекистон терма жамоаси мундиалда қанча даромад олиши мумкин?

2026-йилги мукофот пуллари қандай тақсимланади?

FIFA эълон қилган янги тизимга кўра, миллий терма жамоаларга якуний ўринларига қараб қуйидаги миқдорларда тўлов амалга оширилади:

  • Чемпион — 50 млн доллар

  • Финалчи — 33 млн доллар

  • 3-ўрин — 29 млн доллар

  • 4-ўрин — 27 млн доллар

  • 5–8-ўринлар — 19 млн доллар

  • 9–16-ўринлар — 15 млн доллар

  • 17–32-ўринлар — 11 млн доллар

  • 33–48-ўринлар — 9 млн доллар

Бундан ташқари, мундиалга чиққан ҳар бир терма жамоа тайёргарлик харажатлари учун яна 1,5 миллион доллар олади.

Ўзбекистон қанча ишлаб олиши мумкин?

Ўзбекистон мундиал йўлланмасини қўлга киритгани учун, терма жамоа камида 10,5 миллион доллар атрофида маблағ олади. Бунга:

  • 9 миллион доллар — гуруҳ босқичида иштирок учун,

  • 1,5 миллион доллар — тайёргарлик харажатлари учун киради.

Агар жамоа гуруҳдан чиқа олса, бу сумма янада ошади. Масалан, 1/8 финалга чиқса, терма жамоа бюджетига камида 15 миллион доллар, тайёргарлик пуллари билан бирга эса 16,5 миллион доллар ҳам олиб келади.

Демак, Ўзбекистон учун мундиал фақат тарихий спорт воқеаси эмас, балки мамлакат футболи учун катта молиявий имконият ҳам бўлади.

Қатардаги мундиалда қанча пул тўланган эди?

2022-йилда Қатар мезбонлик қилган Жаҳон чемпионатида умумий мукофот жамғармаси 440 миллион доллар бўлган эди. Ўша турнирда жамоаларга қуйидагича пул тарқатилган:

  • Гуруҳ босқичида қолганлар — 9 млн доллар

  • 1/8 финалчилар — 13 млн доллар

  • Чорак финалчилар — 17 млн доллар

  • 4-ўрин — 25 млн доллар

  • 3-ўрин — 27 млн доллар

  • Финалчи — 30 млн доллар

  • Чемпион — 42 млн доллар

Шунингдек, ҳар бир миллий терма жамоага тайёргарлик учун 1,5 миллион доллар берилган.

Клублар ҳам даромад кўради

FIFA нафақат терма жамоаларга, балки футболчиларнинг клубларига ҳам компенсация тўлайди. 2022-йилги Жаҳон чемпионатида бу мақсад учун 209 миллион доллар ажратилган эди.

Бу галги Жаҳон чемпионатида эса клубларга 355 миллион доллар тўланиши режа қилинган. Бундай тизим 2010-йилда Жанубий Африкада ўтказилган мундиалдан бери амал қилиб келмоқда.

355 миллион долларлик компенсация жамғармасидан 250 миллион доллари турнирнинг ўзига ажратилган. Яна 100 миллион доллари саралаш босқичи ўйинлари учун, қолган 5 миллион доллари эса дастурни амалга ошириш билан боғлиқ маъмурий харажатларга чиқариб ташланган.

Турнирда қатнашиш учун қўйиб юборилган кундан бошлаб, ўйинчилар клубларга турнирнинг финал ўйинидан кейинги кунгача кунига 5 000 доллар миқдорида тўлов олади.

Мундиалнинг саралаш босқичи ўйинлари учун футболчи ўйин куни таркибида бўлган ҳар бир саралаш ўйини учун клубига 2 362 доллар тўланган.

Турнир ўртасидаги кунлик тўлов 2022-йили Қатарда бўлиб ўтган Жаҳон чемпионатидаги кунлик тўловнинг ярмидан кўпроғига камайди. Ўшанда ҳар бир футболчи учун кунига 10 950 доллардан тўланганди. Бироқ, бу йилги турнир анча узунроқ давом этиб, жамоалар сони 32 тадан 48 тага кўпаяди.

Ўзбекистон терма жамоаси мундиалда камида гуруҳ босқичи якуни — 28-июнгача бўлади. FIFA клублар учун ўйинчиларни қўйиб юбориши шарт бўлган сана 25-май эди.

Ўзбекистонлик футболчи 25-майдан 28-июнгача 34 кун давомида клубига камида 170 000 доллар даромад олиб келади.

Масалан, «Насаф» футбол клуби терма жамоага 2 нафар футболчини (Абдувоҳид Неъматов ва Умарбек Эшмуродов) юборган. Бу учун клуб 340 000 доллар маблағ олиши мумкин.

«Пахтакор»дан 4 нафар футболчи мусобақага бормоқда ва клуб турнир давомида 680 000 доллар ишлаб олиш имкониятига эга бўлади.

Teglar

Mavzuga oid

Ўзбекистон Жаҳон чемпионатидан қанча даромад олади? | Vaqt.uz