add

Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлиш учун 29 та ҳуқуқий ҳужжат қабул қилади

05.01.2026 | 12:552 daqiqa

Ўзбекистон 2026 йилда ЖСТга қўшилиш жараёнини якунлаб, қонунчиликни халқаро савдо қоидаларига мослаштирмоқда.

Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлиш учун 29 та ҳуқуқий ҳужжат қабул қилади

Ўзбекистон 2026 йилда Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнини якуний босқичга олиб чиқишни режалаштирмоқда. Бу доирада қолган икки томонлама музокараларни якунлаш, ишчи гуруҳ ҳисоботини тайёрлаш ҳамда қонунчиликни тўлиқ мувофиқлаштириш кўзда тутилган. Мазкур режалар ҳақида президентнинг ЖСТ бўйича вакили Азизбек Урунов маълум қилди.

Режага кўра, 2026 йилда ЖСТга аъзо давлатлар билан қолган сўнгги икки томонлама музокаралар якунланади. Хусусан, Тайван билан келишув тузилиб, шундан сўнг кўп томонлама музокаралар босқичи тугатилади. Бу жараёнлар якунида Ўзбекистоннинг ЖСТга қўшилиши бўйича ишчи гуруҳ ҳисоботи тайёрланиши лозим.

Қонунчиликни ЖСТ талабларига мослаштириш доирасида ҳукумат қўшимча 29 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилишни режалаштирмоқда. Ушбу ҳужжатлар божхона тартиб-таомиллари, экспорт божлари, савдони ҳимоя қилиш воситалари, техник тартибга солиш, санитария ва фитосанитария чоралари, шунингдек, интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш соҳаларини қамраб олади.

Шунингдек, 2026 йилда бозорга кириш бўйича мажбуриятлар юзасидан ишлар якуний босқичга ўтади. Товарлар ва хизматлар бўйича мажбуриятлар жадвалини консолидация қилиш, экспорт божлари, транзит эркинлиги ҳамда савдони енгиллаштириш масалалари ЖСТ қоидаларига мувофиқ келишиб олиниши режалаштирилган. Ўзбекистон, шунингдек, ЖСТ доирасидаги тармоқ келишувларида иштирокини фаоллаштиришни ҳам кўзда тутмоқда.

Маълум қилинишича, 2025 йилда ушбу босқичга тайёргарлик учун зарур асос яратилган. Хусусан, Ўзбекистон ЖСТга аъзо 34 давлатдан 33 таси билан икки томонлама музокараларни якунлаган, ЖСТ билан боғлиқ 30 та ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган ҳамда техник ва институционал ислоҳотлар амалга оширилган.

«2025 йил Ўзбекистоннинг қоидаларга асосланган савдо, шаффофлик ва жаҳон савдо тизимига интеграциялашувга бўлган қатъий интилишини намойиш этди. Эришилган тараққиёт мувофиқлашган институционал иш, кучли сиёсий қўллаб-қувватлаш ҳамда ЖСТ аъзолари билан конструктив ҳамкорлик натижасини акс эттиради. Йўл давом этмоқда — мазмун, обрў ва суръат билан», — дея таъкидлайди Азизбек Урунов.

Аввалроқ Vaqt.uz Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш учун ҳаракатлари қачон бошлангани, музокаралар хронологияси ва Марказий Осиё давлатларида аъзолик нега кутилган натижа бермаганини таҳлил қилганди.

Teglar

Mavzuga oid