add

«Ўзбекистон темирйўллари» АЖ 143 млн доллар кредит олади

07.01.2026 | 16:572 daqiqa

«Ўзбекистон темирйўллари» АЖ 200 та йўловчи вагонини янгилаш ва локомотив паркни кенгайтириш учун 143 млн доллар кредит жалб қилади.

«Ўзбекистон темирйўллари» АЖ 143 млн доллар кредит олади

Ўзбекистон темирйўллари йўловчи ташиш инфратузилмасини янгилаш учун 143 миллион доллар миқдорида кредит жалб қилади. Бу президентнинг тегишли қарори асосида амалга оширилиб, лойиҳа темирйўл соҳасида хизмат сифати ва қамровини оширишни мақсад қилади.

Қайд этилишича, маблағлар Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси томонидан 2026—2027 йилларда 10 йил муддатга ажратилади. Кредитнинг 3 йиллик имтиёзли даври мавжуд бўлиб, йиллик фоиз ставкаси 5 фоизни ташкил этади. Молиялаштириш «Ўзбекистон темирйўллари» АЖ ҳамда унинг таркибидаги корхоналар кафиллиги асосида амалга оширилади.

Лойиҳа доирасида 200 та йўловчи вагони янгиланади. Шунингдек, локомотив паркни модернизация қилиш мақсадида 2 та йўловчи тепловози, 10 та электровоз ва 50 та манёвр локомотиви харид қилиниши режалаштирилган. Ушбу харидлар учун рўйхат бўйича четдан олиб келинадиган товарлар белгиланган муддатларда импорт божидан озод этилади.

Қарор билан жамият таркибидаги корхоналарга қўшилган қиймат солиғини 120 кунга кечиктириб тўлашга рухсат берилди. Бу чора-тадбирлар лойиҳаларни тезкор амалга ошириш ва молиявий юкламани юмшатишга хизмат қилади.

Ҳужжатда белгиланган асосий мақсадлардан бири — 2030 йилгача темирйўл транспортида маҳаллий йўналишларда йиллик йўловчи ташиш ҳажмини 10,5 миллион нафардан 23,5 миллион нафарга етказишдир. Шу билан бирга, электропоездлар қатнови йўлга қўйилган йўналишлар сонини 40 тадан 53 тагача ошириш режалаштирилган.

Аввалроқ Vaqt.uz ушбу ҳужжатга асосан қайси ҳудудларида электропоездлар ҳаракати ташкил этилишини маълум қилган эди.

Teglar

Mavzuga oid