
Ўзбекистон ва JICA ўртасида 3 млрд долларлик янги лойиҳалар муҳокама қилинди
Шавкат Мирзиёевнинг Японияга сафарида ҳамкорлик портфелини кенгайтиришга қаратилган миллиард долларлик ташаббуслар кўриб чиқилди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Японияга расмий ташрифи доирасида Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги — JICA президенти Акихико Танака билан учрашди. Мулоқотда икки томонлама ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва қўшма лойиҳаларни амалий босқичга олиб чиқиш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда қайд этилганидек, ҳозирги кунда Ўзбекистон ва JICA ўртасида амалга оширилаётган қўшма лойиҳалар портфели 8 миллиард доллардан ошиб кетган. Бу ҳамкорлик сўнгги йилларда янги мазмун билан бойиб, стратегик даражага кўтарилгани таъкидланди.
Шу билан бирга, соғлиқни сақлаш, энергетика, транспорт, таълим, саноат ва бошқа устувор йўналишларда қиймати 3 миллиард доллардан ортиқ бўлган янги ташаббуслар ишлаб чиқилаётгани маълум қилинди. Мазкур лойиҳалар Ўзбекистон иқтисодиётини модернизация қилиш ва ижтимоий соҳаларни ривожлантиришга қаратилган.
Ташриф доирасида иқтисодий зоналарни ривожлантириш, таълим ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш, транспорт инфратузилмасини яхшилаш ҳамда тиббий ускуналар етказиб бериш бўйича қатор янги келишувлар имзоланди. Бу келишувлар амалий ҳамкорликнинг янги босқичини бошлаб бериши қайд этилди.
Президент Мирзиёев Япония томонининг Инсон ресурсларини ривожлантириш маркази ҳамда Ёшлар инновация маркази фаолиятини узоқ йиллар давомида қўллаб-қувватлаб келаётганини юқори баҳолади. Шунингдек, JICA'нинг энергетика, бандлик, ёшлар ва аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш, камбағалликка қарши курашиш ҳамда «Бир қишлоқ — битта маҳсулот» лойиҳасидаги иштирокини кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув якунида томонлар япон инвесторлари учун махсус иқтисодий зона барпо этиш лойиҳасини тез фурсатларда ишга туширишга тайёр эканини билдирди. Давлат раҳбари JICA билан 2030 йилга қадар мўлжалланган Янги ҳамкорлик дастури доирасидаги лойиҳаларни ўз вақтида тайёрлаш ва уларнинг барқарор натижаларини таъминлаш муҳимлигини таъкидлади.





