Ўзбекистон январда олтин сотмади, аксинча сотиб олди

02.03.2026 | 15:102 daqiqa

Мамлакат уч йилдан бери январда олтин сотувини амалга оширмаяпти. 2025-йил давомида рекорд даражада олтин экспорт қилинганди.

Ўзбекистон январда олтин сотмади, аксинча сотиб олди

Ўзбекистоннинг 2026-йил январ ойидаги ташқи савдо айланмаси 5,8 млрд долларни ташкил қилди. Бу 2025-йилнинг мос даврига нисбатан 29,2 фоизга кўпроқ бўлди.

Ташқи савдо айланмасида экспорт 1,7 млрд долларни (+26,7 фоиз), импорт 4,1 млрд долларни (+30,3 фоиз) ташкил қилди. Январда импорт экспортдан кўра тезроқ ўсган.

Импорт ва экспорт орасидаги фарқ — салбий салдо эса январ ойида 2,4 млрд долларгача кенгайган. Бу кўрсаткич аввалги йилларда 1,9 млрд доллар атрофида эди.

Ўзбекистон сўнгги икки йилдан бери йилнинг биринчи ойида умуман олтин сотувини амалга оширмаётганди. Бу тенденция 2026-йилда ҳам давом этди. 2023-йилнинг январида 1,2 млрд долларлик олтин экспорт қилинганди.

Шунга қарамай, январда 6,1 млн долларлик монетар бўлмаган олтин импорт қилинди. 2025-йилнинг шу даврида импорт кўрсаткичи 44,3 млн доллар эди.

Олтинниг иқтисодиётдаги ўрни қандай?

2025-йилда Ўзбекистон 9,9 млрд долларлик рекорд даражада олтин экспорт қилганди. Йил давомида олтин-валюта захиралари ҳам сезиларли ўсди — 41,2 млрд доллардан 66,3 млрд долларга. Захиралардан олтин улуши 80 фоиздан юқори.

2026-йилги давлат бюджетининг 20 фоиздан ошиғини Навоий кон-металлургия комбинати (НКМК) тўлдириши кутилмоқда. Бу кўрсаткич 2025-йил 17,7 фоиз, 2024-йил 12,4 фоиз бўлиши прогноз қилинганди.

Ўтган йилда олтин нархи сезиларли ошиб, бир неча бор тарихий рекордларни янгилади. Йил бошида қимматбаҳо металлнинг глобал нархи унцияда 2 650 доллар атрофида эди. Кейинчалик нарх қарийб 4 500 долларгача чиқди. 2026-йилда нарх 5 600 долларгача етиб, тарихий рекордни янгилади.

Олтин қимматлаши фонида, НКМКнинг 2025-йил биринчи ярмидаги соф фойдаси 72 фоизга ўсиб, 1,5 млрд долларни ташкил қилди.

Teglar

Mavzuga oid