Ўзбекистонда банк очиш ишлари қанчага тушади ва бу нега осон эмас?

Kecha 19:403 daqiqa

Янги банк ташкил этиш учун камида 500 млрд сўмлик капитал талаб этилади. VAQT.UZ банк очиш жараёнлари ва бошланғич сарф-харажатларни таҳлил қилди.

Ўзбекистонда банк очиш ишлари қанчага тушади ва бу нега осон эмас?

Ўзбекистонда банк очиш компания рўйхатдан ўтказишдек оддий жараён эмас. Бунинг учун муассислар молиявий имкониятларини исботлаши, маблағлар манбасини очиқ кўрсатиши ва Марказий банкнинг қатъий талабларига жавоб бериши керак. Бугун янги банк ташкил этиш қандай босқичларда амалга оширилиши ва бу қанча маблағ талаб қилишини кўриб чиқамиз.

Амалда янги банк ташкил этиш жараёни икки босқичдан иборат. Биринчи босқичда Марказий банк банк ташкил этиш учун дастлабки рухсатнома беради. Иккинчи босқичда эса банк давлат рўйхатидан ўтказилиб, унга лицензия тақдим этилади.

Биринчи босқичда нималар талаб қилинади?

Банк ташкил этиш истагидаги муассислар Марказий банкка кенг қамровли ҳужжатлар тўпламини тақдим этади. Улар орасида таъсис шартномаси, банк устави, муассислар рўйхати, бизнес-режа, ташкилий тузилма ва маблағлар манбасини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд.

Шунингдек, Марказий банк банкнинг ҳақиқий эгалари ким эканини ҳам ўрганади. Бунинг учун бевосита ва билвосита муассислар, охирги бенефициар мулкдорлар ҳамда ҳал қилувчи улушга эга шахслар ҳақидаги маълумотлар тақдим этилади.

Муассис бўлган юридик шахслар эса сўнгги уч йиллик аудиторлик ҳисоботларини тақдим қилиши шарт.

Иккинчи босқичда лицензия берилади.

Дастлабки рухсатнома олинганидан кейин муассислар олти ой ичида банкни давлат рўйхатидан ўтказиш учун мурожаат қилиши керак.

Бу босқичда банкнинг энг кам устав капитали шакллантирилгани, раҳбар ходимлар талабларга жавоб бериши ва банк инфратузилмаси Марказий банк стандартларига мувофиқлиги текширилади.

Жумладан, банк бинолари, хавфсизлик тизимлари, дастурий таъминот ва техник жиҳозлар бўйича алоҳида хулоса тақдим этилади.

Марказий банк барча ҳужжатлар қабул қилинганидан кейин бир ой ичида қарор чиқаради.

Банк лицензияси қанча туради?

Марказий банкнинг расмий саҳифаларида келтирилишича, лицензия олиш учун аризани кўриб чиқиш йиғими БҲМнинг беш баравари ёки 2 млн 60 минг сўм миқдорида белгиланган.

Хизмат тури

Миқдори

Лицензия олиш учун аризани кўриб чиқиш йиғими

БҲМнинг 5 баравари (2 млн 60 минг сўм)

Банкни давлат рўйхатидан ўтказиш ва лицензия бериш учун давлат божи

Банк устав капитали энг кам миқдорининг 0,1 фоизи (500 млн сўм)

Лицензия дубликатини расмийлаштириш ёки қайта расмийлаштириш йиғими

БҲМнинг 2,5 баравари (1 млн 30 минг сўм)

 

Банкни давлат рўйхатидан ўтказиш ва лицензия бериш учун эса давлат божи банк устав капитали энг кам миқдорининг 0,1 фоизи этиб белгиланган. 2025 йилдан буён банкларда устав капиталининг минимал миқдори 500 миллиард сўмлигини ҳисобга олсак, давлат божи 500 миллион сўмни ташкил қилади.

Лицензия дубликатини расмийлаштириш ёки қайта расмийлаштириш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 2,5 баравари миқдорида йиғим ундирилади. Бу эса ҳозирги кунда 1 млн 30 минг сўм қийматида бўлади.

Ўзбекистонда айни вақтда 34 та тижорат банки ва битта микромолия банки фаолият юритмоқда. Давлат улуши мавжуд банклар сони 9 тани, хусусий ва чет эл капитали иштирокидаги банклар сони эса 25 тани ташкил қилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, йил бошида «Янги банк» акциядорлик жамиятининг банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияси чақириб олинганди. Бунга банкнинг устав капитали 500 миллиард сўмлик минимал талабдан кам бўлгани сабаб сифатида келтирилган.

Teglar

Mavzuga oid