Ўзбекистонда бизнесменларнинг кредит олиши 20 фоизга ошди
2026 йил биринчи чорагида Ўзбекистонда тадбиркорлик субъектларини кредитлаш ҳажми сезиларли ўсиб, давлат дастурлари орқали молиявий қўллаб-қувватлаш кўлами кенгайди.
© stock2026 йил январ–март ойларида Ўзбекистонда микро, кичик ва ўрта бизнес субъектларини кредитлаш ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 20,2 фоизга ўсиб, 35,1 трлн сўмни ташкил этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Марказий банки маълумот берди.
Умуман олганда, жорий йилнинг биринчи чорагида мамлакат иқтисодиётига барча молиялаштириш манбалари ҳисобидан 89,9 трлн сўм кредит маблағлари йўналтирилди. Бу кўрсаткич 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 9,1 фоизга кўп.

Manba: Markaziy bank
Давлат томонидан тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш дастурлари доирасида ажратилган кредитлар ҳажми йиллик ҳисобда 11 фоизга ўсиб, 7 992 млрд сўмни ташкил қилди.
Ажратилган маблағларнинг асосий қисми «Маҳалла» лойиҳаси доирасига тўғри келиб, ушбу йўналишда 4 260 млрд сўм кредит берилди. Бу эса ўтган йилга нисбатан 36 фоизлик ўсишни англатади.
Шунингдек, кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш дастури бўйича 1 331 млрд сўм кредит ажратилди. Бу маблағлар ўтган йилга нисбатан 12 фоизга кўпайиб, амал қилиб келаётган корхоналар фаолиятини кенгайтиришга йўналтирилган.
Оилавий тадбиркорлик дастури доирасида 1 253 млрд сўм, «Биринчи қадам» ташаббуси бўйича эса 1 149 млрд сўм кредит ажратилди. Ушбу дастурлар асосан янги бизнесни йўлга қўяётган тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга хизмат қилмоқда.

Manba: Markaziy bank
Ҳудудлар кесимида
Энг юқори натижа Самарқанд вилоятида қайд этилиб, умумий кредит ҳажми 5 716 млрд сўмга етди.
Самарқанд вилоятида кредитлар ўсиши 69,4 фоизни ташкил этди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу давридаги 3 374 млрд сўмга нисбатан анча юқори бўлиб, ҳудудда иқтисодий фаоллик кучайганини кўрсатади.
Иккинчи ўринни Фарғона вилояти эгаллаб, кредитлар ҳажми 5 703 млрд сўмни ташкил қилди. Ушбу ҳудудда ўсиш суръати 41,3 фоиз бўлиб, 2025 йилдаги 4 037 млрд сўмдан сезиларли ошган.
Кейинги ўринларда Тошкент вилояти, Бухоро вилояти ва Хоразм вилояти қайд этилди. Тошкент вилоятида кредитлар 3 553 млрд сўмга етган бўлса, Бухорода бу кўрсаткич 3 568 млрд сўмни ташкил қилди. Хоразм вилоятида эса кредит ҳажми 3 619 млрд сўмга етди. Ушбу уч ҳудудда ҳам ўсиш суръатлари 41–46 фоиз оралиғида бўлиб, барқарор ўсиш динамикасини намоён этди.
Жумладан, Бухоро вилоятида ўсиш 45,8 фоизни, Хоразм вилоятида эса 45,5 фоизни ташкил этди. Бу ҳудудларда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва молиявий ресурсларга кириш имкониятлари кенгайганини кўрсатади.

Manba: Markaziy bank





