Ўзбекистонда чакана ва улгуржи савдо ҳажми ошди
2025 йилнинг январ–сентябр ойларида Ўзбекистонда чакана савдо товар айланмаси 316 трлн 378,5 млрд сўмни ташкил этиб, 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 11 фоизга ўсди.

2025 йил 1 октябр ҳолатига кўра, Ўзбекистонда чакана ва улгуржи савдо ҳажми сезиларли ошди. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси хабар қилди.
Маълум қилинишича, 2025 йилнинг январ–сентябр ойларида республиканинг чакана савдо товар айланмаси 316 трлн 378,5 млрд сўмни ташкил этиб, 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 11 фоизга ўсди. Шунингдек, жорий йилнинг 9 ойи мобайнида улгуржи савдо товар айланмаси 346 трлн 597,3 млрд сўмни ташкил этиб, 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 12,6 фоизга ошди.
Шу жумладан, 1 октябр ҳолатида чакана савдо соҳасида фаолият кўрсатаётган тижорат корхоналари сони 84 минг 838 тага етиб, шундан йирик корхоналар сони 355 тани, кичик корхона ва микрофирмалар сони эса 84 минг 483 тани ташкил этди.
Бундан ташқари, улгуржи савдо соҳасида 50 минг 86 та тижорат корхонаси фаолият кўрсатмоқда. Бунда йирик корхоналар сони 391 тани, кичик корхона ва микрофирмалар сони 49 минг 695 тага тўғри келади.





