Ўзбекистонда дронлар ёрдамида экин майдонлар мониторинг қилинади

10.03.2026 | 21:232 daqiqa

«Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти» қошида дронларни бошқариш курслари, космик тадқиқотлар ва сунъий йўлдошлар лабораторияси ташкил этилади.

Ўзбекистонда дронлар ёрдамида экин майдонлар мониторинг қилинади © Foto: president.uz

Ўзбекистонда қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасида илм-фанни амалиёт билан боғлаш мақсадида дуал таълим тизими жорий этилади ва сув дипломатияси бўйича кадрлар тайёрлаш кенгайтирилади. Президент Шавкат Мирзиёев 10 март куни соҳада муҳандис кадрлар тайёрлашни такомиллаштиришга доир тақдимот билан танишди.

Тақдимотда таъкидланишича, «Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти» миллий тадқиқот университети 11 мингдан ортиқ талаба таҳсил олмоқда, 7 та факултет, 37 та кафедра ва 38 та таълим йўналиши фаолият юритмоқда. Битирувчиларнинг бандлик даражаси 93 фоизни ташкил этади. Университетда хорижлик талабалар ва профессор-ўқитувчиларнинг сони ҳам изчил ошиб бормоқда.

«4+2» тизими ва ҳақ тўланадиган амалиёт

Таклиф этилган янги тизимга кўра, талабалар 4 кун назарий билим олади, 2 кун ишлаб чиқариш корхоналарида ҳақ тўланадиган амалиёт ўтайди. Жумладан, сув хўжалиги йўналишида сувни тежаш ва суғоришни самарали ташкил этиш, гидротехника ва гидроэнергетика соҳасида каналларни бетонлаш, смета тузиш ва кичик гидроэлектр станциялар қурилишида иштирок этиш, қишлоқ хўжалигини механизациялаш йўналишида техникаларни тайёрлаш ва ҳосилни йиғиштириш ишларида қатнашиш имконияти яратилади.

Тақдимотда мамлакат сув ресурсларининг катта қисми трансчегаравий манбаларга боғлиқлиги кўрсатиб ўтилди. Шу боис, сув ресурслари соҳасида дипломат кадрларни тайёрлаш муҳим стратегик вазифалардан бири экани таъкидланди.

Университетда ташкил этилган «Халқаро сув дипломатияси» магистратура дастурини кенгайтириш ва давлат гранти асосидаги қабул ўринларини кўпайтириш таклифи маъқулланди. Бу дастур орқали қўшни давлатлар учун юқори малакали мутахассислар тайёрлаш кўзда тутилган.

Инновациялар ва тизимли ёндашув

Шунингдек, университетнинг илмий-инновацион салоҳиятини кучайтириш мақсадида дронлардан фойдаланиб, экин майдонларини мониторинг қилиш, ҳосилдорликни прогнозлаштириш, зараркунандаларга қарши курашиш каби хизматларни, космик мониторинг маълумотлари асосида илмий тавсиялар ишлаб чиқишни йўлга қўйиш режалаштирилган.

Шу мақсадда университетда дронларни бошқаришга ўқитиш курслари жорий этилади, космик тадқиқотлар ва сунъий йўлдошлар лабораторияси, комплекс илмий-тадқиқот лабораториялари ташкил этилади.

Бундан ташқари, университетда рақамли бошқарув ва KPI тизимларини жорий этиш, таълимнинг узлуксиз «мактаб – техникум – университет – ишлаб чиқариш» занжири асосида кадрлар тайёрлаш тизимини шакллантириш бўйича режалар ҳам маълум қилинди.

Тақдимот якунида давлат раҳбари қишлоқ ва сув хўжалиги соҳалари учун муҳандис кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, илм-фан ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш ҳамда илғор технологияларни кенг жорий этиш бўйича мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берди.

Teglar

Mavzuga oid