Ўзбекистонда электр истеъмоли рекорди олтинчи кун янгиланди
Аномал иссиқ туфайли 18-июл куни Ўзбекистонда суткалик электр энергияси истеъмоли ва ишлаб чиқариш ҳажми рекорд даражага етди.
© PxhereЎзбекистонда электр энергияси истеъмоли бўйича рекордлар кетма-кет олтинчи кун янгиланди. Энергетика вазирлиги маълумотига кўра, 18-июл куни мамлакат ягона энергетика тизимида суткалик электр энергияси истеъмоли 294,4 млн kWh'ни ташкил этди.
Бу кўрсаткич ўтган йил ёз мавсумида қайд этилган энг юқори натижадан 21,8 млн kWh'га ёки 8 фоизга, 17-июлдаги истеъмол ҳажмидан эса 1 млн kWh'га ёки 0,34 фоизга юқори бўлди.
Шу куни электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми ҳам янги рекорд ўрнатиб, 297,1 млн kWh'га етди. Бу бир кун аввалги рекорддан 1 млн kWh'га ёки 0,34 фоизга кўпдир.
Юклама ошди
18-июл куни ягона энергетика тизимидаги максимал юклама кечки соатларда 13,7 GWh'га етди. 19-июл куни ҳам ҳаво ҳарорати юқори сақлангани сабабли бу кўрсаткич 13,4 GWh'ни ташкил қилди.
Вазирлик юқори талабни аномал иссиқ шароитида, ҳатто дам олиш кунларида ҳам электр энергияси истеъмоли камаймагани билан изоҳлади.
Юқори юклама фонида Тошкент шаҳрининг Олмазор, Чилонзор, Мирзо Улуғбек, Миробод, Юнусобод, Учтепа ва Яшнобод туманларидаги айрим электр тармоқларида техник носозликлар юзага келди. Бу эса 6,8 мингдан ортиқ истеъмолчининг электр таъминотида қисқа муддатли узилишларга сабаб бўлди.
Рекордлар давом этмоқда
Энергетика вазирлиги маълум қилишича, барча техник носозликлар тезкор бартараф этилди ва электр таъминоти тўлиқ тикланди. Айни пайтда энергетика тизими корхоналари кучайтирилган тартибда ишламоқда.
Маълумот учун, электр энергияси истеъмоли ва ишлаб чиқариш бўйича рекордлар 13-июлдан буён узлуксиз янгиланмоқда. Шу даврда суткалик истеъмол 278,6 млн kWh'дан 294,4 млн kWh'гача, ишлаб чиқариш ҳажми эса 281,5 млн kWh'дан 297,1 млн kWh'гача ошган.





