Logo

Ўзбекистонда ипотека бозори 39 фоизга ўсди

Bugun 12:552 daqiqa

2026-йилнинг биринчи ярмида ипотека кредитлари ҳажми 13,1 трлн сўмни ташкил этди. Қарз олувчилар сони ҳам 34,8 фоизга ошиб, 42,6 минг кишига етди.

Ўзбекистонда ипотека бозори 39 фоизга ўсди © vaqt.uz

2026-йил январ—июн ойларида Ўзбекистон банклари 13,1 трлн сўмлик ипотека кредити ажратди. Марказий банк маълумотларига кўра, бу ўтган йилнинг мос давридаги 9,44 трлн сўмга нисбатан 3,7 трлн сўмга ёки қарийб 39 фоизга кўп.

Шу даврда ипотека кредитини олганлар сони 31 589 нафардан 42 575 нафарга етди. Бу бир йил ичида 10 986 нафарга ёки 34,8 фоизга ўсиш демакдир. Бир ипотека кредитининг ўртача миқдори ҳам ошиб, 299 млн сўмдан 308 млн сўмгача етди.

Ипотека олувчиларнинг 54 фоизини эркаклар, 46 фоизини аёллар ташкил этди. Асосий қарз олувчилар эса 31–50 ёш тоифасига тўғри келиб, улар жами ипотекаларнинг 65 фоизини расмийлаштирган.

Ажратилган маблағларнинг 9,8 трлн сўми ёки 75 фоизи бирламчи уй-жой бозорига йўналтирилди. Иккиламчи бозор учун эса 3,3 трлн сўмлик ипотека кредити ажратилди. Ҳар икки сегментда ҳам ўтган йилга нисбатан ўсиш қайд этилди.

Ҳудудлар кесимида

Энг кўп ипотека кредити Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келди. Пойтахтда ажратилган маблағлар ҳажми 2,96 трлн сўмдан 4,01 трлн сўмгача ошиб, қарийб 36 фоизлик ўсиш қайд этилди.

Кейинги ўринларда Андижон вилояти — 1,11 трлн сўм, Қашқадарё вилояти — 963 млрд сўм, Фарғона вилояти — 888 млрд сўм ва Сурхондарё вилояти — 834 млрд сўм жойлашди.

Энг паст кўрсаткичлар Сирдарё вилояти (356 млрд сўм), Жиззах вилояти (414 млрд сўм), Бухоро вилояти (505 млрд сўм) ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида (508 млрд сўм) қайд этилди.

Энг кўп кредит ажратган банклар

Банклар орасида «Xalq banki» 2,2 трлн сўмлик ипотека кредити билан етакчилик қилди. Кейинги ўринларни «Agrobank» (1,96 трлн сўм), «Milliy bank» (1,68 трлн сўм), «Ипотека банк» (1,58 трлн сўм) ва «SQB» (1,29 трлн сўм) эгаллади.

Ставкалар арзонлашди

Марказий банк маълумотларига кўра, республика бюджети ҳисобидан молиялаштириладиган ипотека кредитлари бўйича ўртача фоиз ставкаси 17,5 фоиздан 16,8 фоизга тушди.

Банкларнинг ўз маблағлари ҳисобидан бериладиган ипотека кредитларида ҳам ставка 23,5 фоиздан 20,1 фоизгача пасайди.

Teglar

Mavzuga oid