Logo

Ўзбекистонликлар энг кўп ёқилғи ва коммунал хизматлар нархи ошишидан хавотирда

Bugun 13:253 daqiqa

Сентябр ойида аҳоли ва тадбиркорларнинг инфляцион кутилмалари пасайишда давом этган бўлса-да, ёқилғи-энергия ҳамда коммунал хизматлар нархларининг қимматлашишига оид хавотирлар сақланиб қолмоқда. Нархлар ошиши эҳтимолидан айниқса пенсионерлар энг кўп хавфсирамоқда.

Ўзбекистонликлар энг кўп ёқилғи ва коммунал хизматлар нархи ошишидан хавотирда © Ijtimoiy tarmoqlar

2026-йил сентябрь ойида аҳолининг йиллик инфляцион кутилмалари 8,7 фоизни ташкил этиб, ўтган ойга нисбатан 1,1 фоиз бандга пасайди. Тадбиркорлик субъектларининг кутилмалари эса аҳолиникидан камроқ, 0,7 фоиз бандга камайиб, 9,2 фоиз даражасида шаклланди. Бу ҳақда Марказий банкнинг аҳоли ва тадбиркорлар орасида ўтказган анъанавий сўровномаси натижаларида келтириб ўтилган.

Маълумотларга кўра, сўровларда 2 726 нафар аҳоли ва 1 043 нафар тадбиркорлик субъектлари иштирок этган. Шунингдек, сўнгги ойларда инфляцион кутилмаларнинг пасайиш суръатлари сезиларли даражада тезлашгани қайд этилмоқда.

Асосий омиллар сақланмоқда

Марказий банк шарҳига кўра, аҳоли фикрича, нархлар ўсишига таъсир қилувчи асосий омиллар орасида ёқилғи-энергия ресурслари ҳамда коммунал хизматлар нархларининг ошишига оид хавотирлар етакчилик қилмоқда. Бироқ бу омилларни қайд этган респондентлар улуши ўтган ойларга нисбатан сезиларли даражада камайган.

Шу билан бирга, асосий озиқ-овқатлар, монополия ва нархларнинг сунъий оширилиши билан боғлиқ хавотир билдирганлар сони ўтган ойларга нисбатан кўпайган. Транспорт харажатларининг ошиши ҳамда валюта курсининг ўзгариши эса одамларни ташвишга солмаяпти.

1

Манба: Марказий банк


Тадбиркорлар орасида ҳам ушбу омиллар инфляцион кутилмаларга асосий таъсир кўрсатувчи омиллар сифатида сақланиб қолмоқда, бунда хомашё нархларининг қимматлашиши ҳам қўшимча таъсир қилувчи фактор сифатида қайд этилган.

Шунингдек, келгусида нархларга оширувчи босим кўрсатиши мумкин бўлган асосий омиллар сифатида хомашё нархларининг қимматлашиши, солиқ юкининг юқорилиги ҳамда рақобат муҳитининг ёмонлашишини қайд этган тадбиркорлар улуши кўпайган бўлса, ёқилғи ва энергия ресурслари, коммунал хизматлар қимматлашиши, транспорт харажатлари ошиши ҳамда иш ҳақи ва нафақалар ошишини қайд этганлар улуши камайган.

2

Манба: Марказий банк


Соҳалар ва ҳудудлар кесимидаги фарқлар

Аҳоли гуруҳлари орасида энг юқори инфлятсион кутилмалар пенсионерлар томонидан билдирилган бўлса, энг паст кўрсаткич савдо соҳасидагилар ҳиссасига тўғри келган.

3

Манба: Марказий банк


Тадбиркорлар кесимида эса энг юқори кутилмалар ташиш хизматлари ҳамда ҳунармандчилик соҳаларида қайд этилган. Туризм хизматларида энг паст даража кузатилган.

4

Манба: Марказий банк


Ҳудудий жиҳатдан қаралганда, инфляцион кутилмаларнинг энг юқори кўрсаткичлари аҳоли орасида Тошкент шаҳрида, тадбиркорлар орасида эса Самарқанд вилоятида қайд этилган. Энг паст кўрсаткичлар аҳоли орасида Хоразм, тадбиркорлар орасида эса Қашқадарё вилоятларида кузатилган.

5

Манба: Марказий банк


Даромад ва инфлатсия боғлиқлиги

Марказий банк маълумотларига кўра, аҳолининг даромад даражаси инфляцион кутилмаларга бевосита таъсир кўрсатмоқда. Сентябр ойида ўтказилган сўров натижалари юқори даромадли аҳоли қатлами орасида инфлация бўйича хавотирлар нисбатан юқорироқ эканини кўрсатди.

Хусусан, ойлик даромади 30 млн сўмдан юқори бўлган респондентларда инфляцион кутилмалар 14,4 фоизни ташкил этган бўлиб, бу умумий ўртача кўрсаткичдан юқори ҳисобланади. Шунингдек, 20–30 млн сўм даромадга эга аҳоли гуруҳида мазкур кўрсаткич 11,3 фоизга етган.

Пастроқ даромадли аҳоли қатламларида эса инфляцион кутилмалар нисбатан барқарор шаклланган. Масалан, ойлик даромади 2–4 млн сўм бўлган аҳоли орасида бу кўрсаткич 8 фоизни, 2 млн сўмгача даромадга эга аҳолида эса 7,6 фоизни, даромадга эга эмаслар орасида 8,4 фоизни ташкил этган. Умуман олганда, сўровда қатнашган 2 726 нафар респондент бўйича ўртача инфляцион кутилмалар 8,7 фоиз даражасида қайд этилган.

6

Манба: Марказий банк


Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Марказий банк йил якунига қадар инфлация пасайишдан тўхтаб, нархлар тезроқ ошиши мумкинлигини маълум қилганди.

Teglar

Mavzuga oid

Ўзбекистонликлар энг кўп ёқилғи ва коммунал хизматлар нархи ошишидан хавотирда | Vaqt.uz