
Ўзбекистонда олтин нархи бир йилда 49 марта рекорд ўрнатди
Йил давомида қимматбаҳо металл нархи кескин ошди, экспертлар эса 2026 йилда янги тарихий чўққиларни истисно этмаяпти.

Марказий банк маълумотларига кўра, 29 декабрь куни Ўзбекистонда олтин нархи йил давомида 49 марта рекорд даражани янгилади. Қимматбаҳо металл қиймати сўнгги кунларда ҳам ўсишда давом этиб, бозорда барқарор юқори талаб сақланаётганини кўрсатмоқда.
Жорий ҳолатга кўра, бир грамм олтин нархи 1 792 240 сўмни ташкил этди ва жума кунига нисбатан 0,09 фоизга ошди. Шу билан бирга, 5 граммли қуйманинг қиймати 8,961 миллион сўмга баҳоланди. Бу кўрсаткичлар ички бозорда олтинга бўлган қизиқиш юқорилигини яна бир бор тасдиқлайди.
Маълум қилинишича, қимматбаҳо металл қиймати кетма-кет беш савдо куни давомида рекордларни янгилаган. Бироқ 26 декабрдан кейин нарх ўсиш суръати бироз секинлашган. Шунга қарамай, йил бошидан бери олтин нархи умумий ҳисобда 58,3 фоизга қимматлашган.
Жаҳон бозорида эса олтин котировкаларида енгил коррекция кузатилмоқда. Аввалроқ трой унция нархи 4540 доллардан ошган бўлса, ҳозирда у тахминан 4515 доллар атрофида барқарорлашган. Бу бир грамм олтин учун 145,16 долларга тўғри келади.
Экспертлар нархлардаги бундай ўзгаришларни АҚШ доллари курси динамикаси билан изоҳламоқда. Инвесторлар декабр ойи ва йил якунлари бўйича инфляция ҳамда меҳнат бозори ҳақидаги маълумотлар эълон қилинишини кутмоқда. Ушбу кўрсаткичлар Federal Reserve Systemнинг келгуси қарорлари бўйича прогнозлар шаклланишида муҳим аҳамият касб этади.
Zaner Metals вице-президенти Питер Грантнинг фикрича, 2026 йилда олтин нархи трой унция учун 5 минг долларга етиши мумкин. Бироқ нархлар ошиши билан йирик инвесторлар томонидан фойдани мустаҳкамлаш мақсадида сотувлар кўпайиши эҳтимоли ҳам сақланиб қолмоқда, бу эса қисқа муддатли пасайишларга олиб келиши мумкин.





