add

Ўзбекистонда ўрмонлар майдони 4,7 млн гектарга етди

Kecha 21:002 daqiqa

Жорий йилда кенг кўламли кўкаламзорлаштириш ишлари орқали мамлакатда ўрмон фонди сезиларли даражада кенгайди.

Ўзбекистонда ўрмонлар майдони 4,7 млн гектарга етди

Жорий йилда Ўзбекистонда ўрмонларни барпо этиш ва тиклаш ишлари 150,7 минг гектар майдонни қамраб олди. Натижада мамлакат бўйича ўрмонларнинг умумий майдони 4,7 миллион гектарга етди. Бу ҳақда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси матбуот хизмати маълум қилди.

Маълум қилинишича, ўрмон-мелиорация тадбирларининг асосий қисми Орол денгизининг қуриб қолган туби ҳамда Оролбўйи ҳудудларига қаратилган. Ушбу ҳудудларда 145,2 минг гектар ер ўзлаштирилиб, экологик барқарорликни тиклашга хизмат қилувчи ўрмонзорлар барпо этилди. Энг катта кўрсаткич Мўйноқ туманига тўғри келиб, бу ерда 90,5 минг гектар майдонда ўрмон барпо қилинди.

Шунингдек, Бухоро вилоятининг бир қатор туманлари, Навоий ва Хоразм вилоятларида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Мамлакатнинг бошқа ҳудудларида қўшимча равишда 5,5 минг гектар майдонда янги ўрмонлар яратилди.

Кўчатхоналарни ривожлантириш ва ўрмон хўжалигининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича ҳам тизимли чоралар кўрилмоқда. Барқарор кўкаламзорлаштиришни таъминлаш мақсадида 979 тонна дарахт ва бута уруғлари тайёрланди. Барча ўрмон хўжаликларида 1300 гектар майдонда замонавий кўчатхоналар ташкил этилди ва уларда маҳаллий иқлимга мос 123 миллион туп кўчат етиштирилмоқда.

Ер деградациясининг олдини олишга қаратилган ишлар доирасида чўл ва тоғолди ҳудудларида 1390 гектарда ҳимоя ўрмон йўлаклари яратилди. Тоғли ва адир ҳудудларда эса 41 гектар майдонда террасалаш усули қўлланилиб, ер кўчишининг олди олинмоқда.

Ўрмон фонди ерларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш мақсадида аввал паст самарали деб баҳоланган 4842 гектар ер ўзлаштирилди. Қўшимча равишда, 1530 гектар ўрмон фонди ерлари онлайн-аукционлар орқали ижарага берилди, бу хусусий инвестицияларни жалб этиш имконини кенгайтирди.

Президент қарорига мувофиқ, 2030 йилгача мамлакатда 1,5 миллион гектар майдонда янги ўрмонлар барпо этиш ва мавжудларини тиклаш режалаштирилган.

Teglar

Mavzuga oid

Ўзбекистонда ўрмонлар майдони 4,7 млн гектарга етди | Vaqt.uz