Ўзбекистонда пулли йўл тарифлари қандай белгиланиши маълум қилинди
Ўзбекистонда пулли автомобил йўллари учун тарифлар масофа, ҳудуд ва транспорт турига қараб белгиланади.
© businessdailyafrica.com7 апрел куни Сенат ялпи мажлисида «Автомобил йўллари тўғрисида»ги қонун муҳокама қилинди. Унда сенатор Ўктамжон Охунов пулли йўлларда тўловларни белгилаш тартиби ва тушумларнинг шаффоф сарфланиши юзасидан қатор саволларни илгари сурди.
«Пулли йўллар бўйича тўлов миқдорини белгилашда қайси асосий мезонлар инобатга олинади? Тўловлар асоссиз равишда ошириб юборилмаслиги учун қандай чекловлар ва механизмлар мавжуд? Тўловларни табақалаштириш, яъни транспорт тури, вақт ёки кунга қараб фарқлаш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига хизмат кўрсатиш қандай таъминланади? Пулли йўлларда йиғилган маблағларнинг қандай сарфланаётганлиги бўйича жамоатчилик учун очиқ ахборот тақдим этиладими?» — деб сўради у.
Автомобил йўллари қўмитаси раиси Жамшид Турсуновга кўра, қонуннинг 41-моддасида пулли йўлларни ташкил этиш мезонлари аниқ белгилаб қўйилган. Шу билан бирга, тарифларни шакллантириш услубиятини тасдиқлаш ваколати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тегишли. Ҳудудий омиллар ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлиб, айниқса туман даражасида аҳолининг ижтимоий ҳолати инобатга олинади.
«Йирик магистраллар, жумладан Тошкент–Самарқанд ва Тошкент–Андижон йўналишларида тарифлар транзит салоҳияти ва транспорт турига қараб фарқланади. Яъни енгил автомобиллар, юк машиналари ва автобуслар учун алоҳида тарифлар белгиланади, шунингдек ташилаётган юк хусусияти ҳам ҳисобга олинади» дея жавоб берди Жамшид Турсунов.
Муҳим жиҳатлардан бири — тарифларнинг асоссиз оширилишига йўл қўйилмаслигидир. Қўмита маълумотига кўра, операторлар тирбандлик ёки ноқулай об-ҳаво шароитида нархларни сунъий равишда ошира олмайди.
«Шаффоф йўл» платформаси
Шаффофлик масаласи юзасидан Жамшид Турсунов маблағларни сарфлаш тартиби қатъий тартибга солинишини билдирди.
«Шаффофликни таъминлаш мақсадида «Шаффоф йўл» очиқ платформаси ишга туширилган. Унда ҳар бир лойиҳа бўйича маблағ ажратилиши, иш ҳажми ва сарф динамикаси онлайн тарзда кузатиб борилади. Масалан, Урганч–Хива пулли йўли қурилиши бўйича маълумотлар ҳам ушбу тизимда жойлаштирилган».
Унинг сўзларига кўра, йўллар ишга туширилгандан сўнг тушумлар қисман уларни сақлашга йўналтирилади, қолган қисми давлат бюджетига ўтказилади. Давлат-хусусий шериклик асосидаги лойиҳаларда эса маблағ тақсимоти шартномалар орқали белгилаб қўйилади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистондаги илк пуллик автомагистрал — Урганч–Хива йўналишидаги 35 километрли йўл қурилиши расман бошланган. 120 миллион долларлик Урганч–Хива пуллик йўли ишга тушганидан сўнг, сафар вақти 17 дақиқани ташкил этиши кутилмоқда.





