Ўзбекистондаги хорижий корхоналар сони 18,5 мингдан ошди
Ўзбекистонда чет эл инвестицияси иштирокидаги корхоналар сони 18 513 тага етди. Охирги беш йилда улар қарийб икки баробарга ошган.

2026 йил 1 феврал ҳолатига кўра, Ўзбекистонда чет эл инвестициялари иштирокида жами 18 513 та корхона фаолият юритмоқда. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, уларнинг 4 282 таси қўшма, 14 231 таси эса хорижий корхоналардир. Сўнгги беш йилда ушбу кўрсаткич 1,9 баробарга ошгани мамлакат инвестицион муҳитидаги фаолликни кўрсатади.
Хорижий корхоналар улуши 55,1 фоиздан 76,9 фоизгача ўсгани эса бозорда мустақил чет эл компаниялари иштирокининг сезиларли кенгайганини англатади. Бу тенденция инвестицияларни жалб қилиш, экспортни диверсификация қилиш ва янги иш ўринлари яратиш билан боғлиқ давлат сиёсатининг натижаси сифатида баҳоланмоқда.
Инвестициялар харитаси
Чет эл капитали иштирокидаги корхоналар сони бўйича Хитой етакчилик қилмоқда. Дастлабки ўнталик қуйидаги кўринишга эга:
Хитой — 5 218 та;
Россия — 3 190 та;
Туркия — 2 149 та;
Қозоғистон — 1 221 та;
Жанубий Корея — 699 та;
Афғонистон — 647 та;
БАА — 413 та;
Тожикистон — 410 та;
Ҳиндистон — 394 та;
Озарбойжон — 368 та.
Бу география Ўзбекистон бозорига Марказий Осиё, Осиё-Тинч океани ва Яқин Шарқ сармояси фаол кириб келаётганини кўрсатади.
Ўсиш тенденцияси
Сўнгги йилларда савдо, саноат, қурилиш ва хизмат кўрсатиш соҳалари чет эл сармояси учун асосий йўналиш бўлиб қолмоқда. Хорижий компаниялар улушининг ортиши инвесторлар учун ҳуқуқий кафолатлар ва солиқ имтиёзлари самара берганини англатади.
Бироқ инвестиция ҳажми билан бир қаторда, технология трансфери, маҳаллийлаштириш ва экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқариш даражаси ҳам муҳим мезон бўлиб қолмоқда. Шу нуқтаи назардан, миқдорий ўсиш сифат кўрсаткичлари билан уйғунлашган тақдирдагина иқтисодий самарадорлик таъминланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ фаолият турлари кесимида хорижий корхоналарнинг энг катта қисми савдо соҳасига тўғри келиши ҳақида хабар берган эдик. 2025 йилда бу йўналишда 6 403 та корхона иш юритиб, умумий хорижий бизнеснинг энг катта қисмини ташкил этган.





