
Ўзбекистонга 25 кунда 13,7 мингта ҳаво тозалагич импорт қилинди
Божхона божидан озод этиш бўйича қабул қилинган президент фармони ҳаво тозалагич импорти ҳажмини оширди.

Маиший ҳаво тозалагичларни божхона божидан озод этиш тўғрисидаги президент фармони кучга кирганидан сўнг ўтган 25 кун ичида Ўзбекистонга 13,7 минг дона ҳаво тозалаш ускуналари олиб кирилди. Импорт қилинган маҳсулотларнинг умумий қиймати салкам 440 минг АҚШ долларини ташкил этди.
Маълум қилинишича, ушбу давр мобайнида тадбиркорлар ва фуқаролар маиший ҳаво тозалагичларни олиб киришда 1,5 млрд сўм миқдоридаги божхона божини тўлашдан озод этилди.
Маълумот учун, Шавкат Мирзиёевнинг 24 ноябрдаги «Тошкент шаҳрида экологик вазиятни яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони билан маиший ҳаво тозалаш ускуналарини Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб киришда божхона божи бекор қилинган. Имтиёз тадбиркорлик субъектлари билан бир қаторда фуқароларга ҳам татбиқ этилган.
Эслатиб ўтамиз, бундан аввал 2025 йилнинг 10 ойи давомида Ўзбекистонга умумий қиймати 1,3 млн АҚШ долларига тенг бўлган 18,1 минг донадан ортиқ маиший ҳаво тозалагичлар импорт қилингани ҳақида хабар берилган эди.





