add

Ўзбекистонга туристлар оқими илк марта 10 миллиондан ошди

Bugun 10:402261 daqiqa

2025 йилнинг 11 ойида мамлакатга келган чет эллик туристлар сони илк бор ўн миллиондан ошиб, кескин ўсиш қайд этилди.

Ўзбекистонга туристлар оқими илк марта 10 миллиондан ошди

2025 йилнинг январ–ноябр ойларида Ўзбекистонга туристик мақсадларда ташриф буюрган чет эл фуқаролари сони 10,7 миллион нафарни ташкил этди. Бу мамлакат туризм соҳаси тарихида илк бор 11 ойлик даврда 10 миллионлик маррани ортда қолдириш ҳисобланади.

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, мазкур кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3,5 миллион нафарга ёки 47,4 фоизга ошган. Бу эса пандемиядан кейинги тикланиш жараёни барқарор тус олганини ва минтақавий туризм алоқалари кучайганини кўрсатади.

Ўзбекистонга энг кўп туристлар қўшни давлатлар ҳиссасига тўғри келмоқда. Хусусан, Қирғизистон Республикасидан 3 миллион, Қозоғистон ва Тожикистондан эса 2,5 миллиондан сайёҳ ташриф буюрган. Бу кўрсаткичлар чегараолди ҳаракати, визасиз режим ва савдо-туризм алоқаларининг фаоллиги билан изоҳланади.

Туристлар сони бўйича кейинги ўринларда Россия 923,8 минг нафар, Афғонистон 429,4 минг нафар ва Туркманистон 341,4 минг нафар кўрсаткич билан қайд этилган. Шу билан бирга, узоқ хориж давлатларидан ҳам ташрифлар ўсмоқда.

Жумладан, Хитойдан 250,5 минг, Туркиядан 161,9 минг, Ҳиндистондан 73,4 минг ва Корея Республикасидан 44,1 минг нафар турист Ўзбекистонга келган. Мутахассислар буни авиақатновлар кенгайиши, маданий меросга қизиқиш ҳамда хизматлар сифати яхшиланиши билан боғламоқда.

Teglar

Mavzuga oid