add

Ўзбекистонликлар 2025 йилда таълим учун қанча маблағ сарфлади?

Kecha 19:301 daqiqa

2025 йилда Ўзбекистонда таълим хизматларига сарф кескин ўсиб, асосий улуш Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келди.

Ўзбекистонликлар 2025 йилда таълим учун қанча маблағ сарфлади?

Миллий статистика қўмитасига кўра, 2025 йилнинг январ–ноябр ойларида Ўзбекистонда таълим соҳасидаги бозор хизматлари ҳажми 34,2 трлн сўмни ташкил этди. Бу кўрсаткич 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 8,8 фоизга ошган бўлиб, таълим хизматларига талаб барқарор ўсиб бораётганини кўрсатади.

Қайд этилишича, ҳудудлар кесимида энг катта сарф Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келган. Пойтахт аҳолиси ва ташкилотлари томонидан таълим хизматлари учун 16,6 трлн сўм йўналтирилган бўлиб, бу республика бўйича умумий ҳажмнинг деярли ярмини ташкил этади. Бу ҳолат хусусий таълим муассасалари, олийгоҳлар ва қўшимча таълим хизматларининг асосан пойтахтда жамлангани билан изоҳланади.

Иккинчи ўринда Самарқанд вилояти қайд этилди. Ҳудудда таълим хизматлари бозори ҳажми 2,5 трлн сўмни ташкил этган. Фарғона вилоятида ушбу кўрсаткич 2,2 трлн сўмга етган бўлиб, водий ҳудудлари орасида етакчилик сақланиб қолган.

Андижон, Бухоро ва Наманган вилоятларида таълим хизматларига сарф ҳажми деярли бир хил бўлиб, ҳар бири 1,7 трлн сўм атрофида шаклланган. Тошкент вилоятида 1,6 трлн сўм, Қашқадарё вилоятида эса 1,5 трлн сўмлик хизматлар кўрсатилган.

Қолган ҳудудларда таълим хизматлари бозори нисбатан камроқ улушни ташкил этган. Сурхондарё вилоятида 1,2 трлн сўм, Хоразм вилоятида 1,1 трлн сўм, Қорақалпоғистон Республикасида 1 трлн сўмлик хизматлар қайд этилган.

Энг паст кўрсаткичлар Сирдарё вилоятида 343,7 млрд сўм, Навоий вилоятида 438,5 млрд сўм ва Жиззах вилоятида 532,3 млрд сўмни ташкил этган.

Teglar

Mavzuga oid