Ўзбекистонликларга Исроилни вақтинча тарк этиш тавсия қилинди

02.03.2026 | 10:352 daqiqa

Яқин Шарқда хавфсизлик вазияти кескинлашиши ортидан элчихона фуқароларни эҳтиёткорликка чақирди.

Ўзбекистонликларга Исроилни вақтинча тарк этиш тавсия қилинди

Исроилдаги Ўзбекистон элчихонаси минтақа хавфсизлик муҳити ёмонлашаётгани муносабати билан фуқароларга мамлакатни вақтинча тарк этишни тавсия қилди. Дипломатик ваколатхона расмий баёнотида, аввало, шахсий хавфсизлик чораларига қатъий амал қилиш зарурлиги таъкидланган.

Элчихонага кўра, фуқаролар Исроил ҳукумати томонидан белгиланган барча хавфсизлик талабларига риоя қилиши, зарурат бўлмаса кўчага чиқмаслиги ва имкони борича махсус жиҳозланган хавфсиз ҳудудларда бўлиши керак. Расмийлар вазият барқарорлашгунга қадар ҳушёрликни сақлаш муҳимлигини урғулаган.

Тун-у кун ишлаётган чегара пункт

«Фуқароларга вазият барқарорлашгунга қадар Исроил ҳудудини вақтинча тарк этиш тавсия этилади. Исроил-Миср чегарасидаги «Бегин» чегара ўтиш пункти тун-у кун ишламоқда шу билан бирга, Ўзбекистон фуқароларининг Синай яриморолига кириши учун виза талаб қилинмайди», дейилади хабарда.

Чегарадан ўтиш жараёнини тезлаштириш мақсадида бож тўловларини олдиндан онлайн тарзда амалга ошириш тавсия этилган. Шу билан бирга, бошқа қуруқликдаги ўтиш пунктларидан фойдаланиш мақбул эмаслиги билдирилган, чунки уларнинг иш вақти ўзгариши мумкин.

Элчихона фуқароларни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда хориждаги дипломатик ваколатхоналарнинг расмий ахборот манбаларини мунтазам кузатиб боришга чақирди. Шунингдек, Исроилнинг тегишли хизматлари тарқатаётган огоҳлантириш ва кўрсатмаларни инобатга олиш зарурлиги қайд этилди.

Фавқулодда ҳолатларда ватандошлар 03-672-2466, 03-672-2371, 03-758-5075, 03-758-5076, +972 54 485 1397 телефон рақамлари ёки il.uzembassy@mfa.uz электрон почтаси орқали мурожаат қилиши мумкин.

Аввалроқ элчихона Исроил ҳаво ҳудуди ёпилганини, кучли ракета ҳужумлари бўлиши мумкинлигини маълум қилиб, фуқаролардан шахсий хавфсизлик чораларини кўришларини сўраган эди.

Teglar

Mavzuga oid