Ўзбекистонни Афғонистон ва Тожикистон билан боғловчи магистрал йўл капитал таъмирланади
30 йилдан буён таъмирланмаётган Ўзбекистонни Афғонистон ва Тожикистон билан боғловчи йўлни капитал таъмирлаш ишлари бошланди.
© Фото: t.me/Press_Secretary_UzСурхондарё вилоятида Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган йиғилишда Ўзбекистонни Афғонистон ва Тожикистон билан боғловчи 178 километрли магистрал йўлни капитал таъмирлаш ишларини уч ой ичида бошлаш топширилди. Ушбу йўл 30 йилдан буён капитал таъмир кўрмагани қайд этилди.
Йиғилишда вилоятдаги энг долзарб муаммолардан бири йўл ва транспорт инфратузилмаси экани алоҳида таъкидланди. Халқаро савдо ва транзит салоҳиятини ошириш учун асосий транспорт йўлакларини янгилаш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Бойсун ва Деновни боғловчи йўл
Икки йил аввал Осиё тараққиёт банки иштирокида 183 миллион долларлик лойиҳа доирасида Бойсун ва Деновни боғловчи 111 километр йўлни цемент-бетон қопламага ўтказиш ишлари бошланган. Мазкур йўл фойдаланишга топширилгандан сўнг юк ташиш ҳажми икки баробарга ошиши, ташиш вақти эса 3 соатдан 1,5 соатгача қисқариши кутилмоқда.
Темирйўл инфратузилмаси
Темирйўл соҳасида ҳам ислоҳотлар режалаштирилган. Тошкент–Термиз йўналишидаги йўловчи поезди ҳозирда 14 соатдан ортиқ вақтда манзилга етиб боради. Кореялик ҳамкорлар билан замонавий тезюрар поездларни олиб келиш бўйича келишувга эришилгани маълум қилинди.
Шунингдек, Тошгузор–Бойсун–Қумқўрғон участкасида тезюрар поездлар ҳаракатини йўлга қўйиш учун лойиҳани жорий йилда бошлаш, 103 километрли Қумқўрғон–Қудуқли темирйўлини электрлаштириш ишларини амалга ошириш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берилди. Ушбу чоралар вилоятнинг транзит ва инвестициявий жозибадорлигини оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.





