Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари рекордни янгилади
Феврал ойида мамлакат халқаро захиралари 2 млрд долларга ошиб, олтин нархи кўтарилиши ҳисобига янги рекорд даражага етди.

Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари кетма-кет еттинчи ой тарихий рекордни янгилаб, 2026 йил 1 март ҳолатига 77,08 млрд долларга етди. Бу ҳақда Марказий банк маълумотларида келтирилди.
Халқаро захиралари
Феврал ойида мамлакатнинг халқаро захиралари 2 млрд долларга ёки 2,7 фоизга ошди. Йил бошидан бери эса ўсиш 16,2 фоиздан ортиқни ташкил этди. Бу кўрсаткич 2013 йилдан буён эълон қилиб келинаётган статистикадаги энг юқори даража ҳисобланади.
Захиралар ўсишининг асосий қисми олтин нархининг ошиши ва мамлакат захираларидаги қимматбаҳо металл ҳажмининг кўпайиши билан изоҳланмоқда. Феврал ойида Марказий банк омборларидаги олтин қиймати кетма-кет саккизинчи бор рекордни янгилаб, 67,67 млрд долларга етди. Бу ўтган ойга нисбатан 2,69 млрд долларга ёки 4,1 фоизга кўпдир.
Олтиннинг физик ҳажми
Шу билан бирга, олтиннинг физик ҳажми ҳам ошган. У январ ойидаги 12,8 млн трой унциядан 13,1 млн трой унциягача етди. Бу тахминан 407,5 тонна олтинни ташкил этади. Бир ой давомида Марказий банк захираларни 0,3 млн трой унцияга ёки қарийб 9,4 тонна олтинга тўлдирди.
Бироқ валюта захиралари қисқаришда давом этмоқда. Феврал ойида улар 685,9 млн долларга ёки 7,2 фоизга камайиб, 8,84 млрд долларни ташкил этди. Шу жумладан, 1,2 млрд доллар хорижий марказий банклар ва Халқаро валюта жамғармасида сақланмоқда. Қолган 6,09 млрд доллар эса хорижий тижорат банкларида жойлаштирилган.
Қимматли қоғозлар
Шунингдек, Марказий банк томонидан сотиб олинган хорижий қимматли қоғозлар қиймати бироз ошиб, 1,54 млрд долларга етди. Бироқ олтин нархининг кескин ўсиши туфайли уларнинг умумий расмий захиралардаги улуши 2 фоиздан кам бўлиб қолмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон январ ойида дунёда олтинни энг кўп сотиб олган давлатга айланган. Марказий банк бир ойда тахминан 9 тонна олтин харид қилган.





