
Ўзбекистоннинг қайси ҳудудларида камбағал аҳоли сони кўпроқ?
2025 йил якунларига кўра, Ўзбекистонда камбағаллик даражаси кескин қисқарган бўлса-да, айрим ҳудудларда эҳтиёжманд аҳоли улуши ҳали ҳам юқоригича қолмоқда.

Миллий статистика қўмитаси ва Жаҳон банки ҳамкорлигида ўтказилган кузатув натижаларига кўра, 2025 йил якунларида камбағал аҳоли сони энг кўп 265 минг нафар билан Самарқанд вилоятида қайд этилди. Кейинги ўринларда Фарғона (239 минг нафар), Қашқадарё (238 минг нафар) ва Андижон (214 минг нафар) вилоятлари жой олган.

Ҳисоб-китобларга кўра, бугунги кунда республика бўйича камбағал аҳоли умумий сони 2,2 миллион нафарни ташкил қилади. Камбағаллик даражаси барча ҳудудларда пасайганига қарамасдан, аҳоли зичлиги юқори бўлган вилоятларда кўрсаткич юқорилигича сақланиб қолмоқда.
Умумий камбағаллик даражаси
Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда камбағаллик даражаси 2023 йилда 14 фоиздан 11 фоизга, 2024 йилда 8,9 фоизга, 2025 йилда эса 5,8 фоизгача қисқарди. Фақат 2025 йилнинг ўзида 302 минг оила камбағалликдан чиқарилган.
Камбағаллик даражаси шаҳар ҳудудларида тезроқ пасайиб, 2025 йилда 5,2 фоизни ташкил этди. Қишлоқ жойларда эса ушбу кўрсаткич 6,4 фоиз даражасида қайд этилди.
Энг юқори пасайиш кузатилган ҳудудлар
Сўнгги икки йилда камбағаллик даражасининг энг катта қисқариши Жиззах вилоятида (11,8 фоиздан 5,8 фоизгача) қайд этилди. Шунингдек, Хоразм (11,9 фоиздан 6,7 фоизга), Сирдарё (11,3 фоиздан 6,2 фоизга), Қорақалпоғистон Республикаси (10,8 фоиздан 6,6 фоизга) ҳамда Тошкент шаҳрида (7,3 фоиздан 3,5 фоизга) сезиларли ижобий натижаларга эришилди.

Аҳоли даромадлари ва тенгсизлик кўрсаткичлари
2025 йилда аҳоли жон бошига ўртача ойлик даромад 2,6 миллион сўмни ташкил қилди. Даромадлар таркибида меҳнат фаолиятидан олинган даромадлар 72,6 фоизни, пенсиялар 11,8 фоизни, қишлоқ хўжалигидан тушумлар 10,1 фоизни ташкил этди.
Даромадлар ўртасидаги тенгсизлик ҳам қисқарди. Энг бой ва энг кам таъминланган аҳоли гуруҳлари ўртасидаги тафовут 5,7 бараварга тушди. Даромадлар тенгсизлигини ифодаловчи Жини коэффициенти эса 0,35 дан 0,33 га пасайди.
Камбағалликни қисқартиришда янги ёндашувлар
2025 йилда «Хитой тажрибаси» асосида жорий этилган янги ёндашувлар юқори даромадли иш ўринларини яратишда муҳим роль ўйнади. Жумладан, кооперативлар, туризм маҳаллалари, деҳқон бозорлари ва микролойиҳалар орқали юз минглаб аҳоли бандлиги таъминланди.
Шу билан бирга, 11 ой мобайнида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш учун 127,1 триллион сўм кредит ажратилиб, унинг салмоқли қисми камбағалликни қисқартиришга қаратилган дастурларга йўналтирилди.





