Ўзбекистоннинг туристик тарғиботи бўйича катта кампания бошланади

Bugun 19:212 daqiqa

Авиакомпания ва туроператорларга субсидия берилади. Хорижий блогерларга Ўзбекистонга келиши учун бепул турпакет тақдим этилади.

Ўзбекистоннинг туристик тарғиботи бўйича катта кампания бошланади

Халқаро туризм бозоридаги ноаниқлик ҳолатида Ўзбекистонни хавфсиз туристик йўналиш сифатида тарғиб қилиш бўйича катта кампания бошланади. Бу ҳақда бугун, 18-март куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида Нарпай туманида ўтаётган Самарқанд вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари бўйича йиғилишда маълум қилинди.

Ўзбекистонда очиқ туризм мавсуми

Бу жараёнда туризм учун энг қулай давр бўлган апрел-июн ойлари бўйича алоҳида дастур тайёрланиб, «Ўзбекистонда очиқ туризм мавсуми» эълон қилинади.

Ушбу муддат давомида авиакомпанияларга янги рейсларни йўлга қўйиб, олиб келинган ҳар бир хорижий сайёҳ учун 100 доллардан субсидия берилади. Бундай авиакомпанияларга аэропорт хизматлари учун 20 фоиз чегирма тақдим қилинади.

Маҳаллий туроператорлар учун янгиликлар

1-апрелдан бошлаб туроператорларга уч ой давомида жалб қилинган 1 минг хорижий турист учун бюджетдан 5 минг долларгача субсидия берилади. Қўшилган қиймат солиғининг ярми «кешбэк» сифатида қайтарилади.

Ижтимоий тармоқларда 5 миллиондан ортиқ кузатувчиси бўлган 50 та хорижий блогерга Ўзбекистонга келиши учун етти кунлик бепул турпакет тақдим этилади.

Дунёдаги энг йирик онлайн сайёҳлик платформаларида Ўзбекистонга саёҳат тарғиботи билан боғлиқ харажатлар ҳам қоплаб берилади.

Самарқандда халқаро тадбирлар ўтказилади

Жорий йилнинг ўзида дунёга машҳур бўлган камида 5 та санъаткорнинг гастролини, шунингдек, 10 та бизнес форуми ва мода фестивалини Самарқандда ўтказиш муҳим экани таъкидланди.

Шу билан бирга, Самарқандни аниқ ва табиий фанлар бўйича олимпиада, форум ва илмий конференциялар ўтказадиган хабга айлантириш учун барча имкониятлар борлиги кўрсатиб ўтилди.

Масалан, 2028-йилда Самарқандда ўтказиладиган Халқаро астронавтика конгрессида ҳозирнинг ўзида юздан ортиқ давлатдан 10 мингга яқин одам иштирок этиш истагини билдирган.

Мутасаддиларга мазкур йўналишдаги халқаро ташкилотлар билан ишлаб, махсус дастур ишлаб чиқиш топширилди. Бу имкониятлар ҳисобига Самарқандга йил якунигача 6 миллион турист олиб келиш мақсади белгилаб олинди.

Teglar

Mavzuga oid